Нукус шаҳрида халқаро инвестиция форуми ўтказилди
Ҳурматли Президентимизнинг топшириғи билан жорий йилнинг 10-12 июнь кунлари мамлакатимиз пойтахти Тошкент шаҳрида «Тошкент халқаро инвестиция форуми» бўлиб ўтган эди. Форум доирасида ўтказилган сессияда Президентимиз ёрдамчиси Саида Мирзиёева инвесторларни Қорақалпоғистон ҳудудига келиб, республиканинг улкан салоҳиятини ўз кўзлари билан кўриш ва кенг имкониятлар кўламини баҳолашга таклиф этди.
Бугун ушбу форумнинг давоми сифатида Нукус шаҳридаги Оқ Қуш мажмуасида Қорақалпоғистоннинг инвестицион салоҳиятини тақдим этишга бағишланган халқаро инвестиция форуми ўтказилди.
Унда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Раиси Аманбай Орынбаев сўзга чиқиб, ҳурматли Президентимизнинг алоҳида эътибори билан Қорақалпоғистонда тадбиркорликни ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш, инвестицион жозибадорликни ошириш бўйича алоҳида қабул қилинган фармон ва қарорлари асосида яратилган имкониятлар ҳақида кенг турда таъкидлаб ўтди.
Тадбирда Вазирлар Кенгаши Раиси Ф.Эрманов иштирок этди.
Ўтказилган форумда республикамизнинг инвестицион жозибадорлиги, янги лойиҳаларни амалга ошириш бўйича мавжуд имкониятлар, ресурслар салоҳияти ва бошқа муҳим йўналишлар ҳақида сўз юритилди.
Мажмуа ҳудудидаги махсус павильонда Қорақалпоғистонда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар кўргазмаси йиғилганлар эътиборига ҳавола этилди.
Форум имкониятларни муҳокама қилиш, ишбилармонлик алоқаларини ўрнатиш ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш учун ўзига хос майдонга айланди.
Бундан сўнг меҳмонлар «QORAQALPOQ BASALTWOOL» корхонаси, шунингдек, И.В.Савицкий номидаги Қорақалпоқ давлат санъат музейида бўлиб, республикамизнинг саноат, туризм йўналишларидаги имкониятлари билан танишди.