Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг бешинчи сессияси тўғрисида ахборот
Жорий йилнинг 12 июль куни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг бешинчи сессияси бўлиб ўтди. Сессияда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ва Ҳукумат аъзолари, Республика соҳа раҳбарлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари, шунингдек, Жўқорғи Кенгес депутатлари иштирок этди.
Дастлаб Ўзбекистон Республикаси ва Қорақалпоғистон Республикаси давлат мадҳиялари янгради.
Сессияни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Раиси Аманбай Орынбаев кириш сўзи билан очди ва бошқариб борди.
Сессия "Қорақалпоғистон" телеканали орқали тўғридан-тўғри эфирда ёритиб борилди.



Сессиянинг кун тартибидаги дастлабки масала "Қорақалпоғистон Республикасининг айрим қонунларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги Қорақалпоғистон Республикаси Қонунининг лойиҳаси ҳақида бўлиб, бу масала бўйича Жўқорғи Кенгеснинг қўмита раиси Алишер Атажанов сўзга чиқди.
Сессия кун тартибидаги дастлабки масала юзасидан қарор қабул қилинди.



Кун тартибидаги кейинги масала "Қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш тўғрисида"ги Қорақалпоғистон Республикаси Қонунининг лойиҳаси ҳақида бўлиб, бу масала бўйича Жўқорғи Кенгеснинг Саноат, қурилиш, транспорт ва ахборот технологиялари масалалари қўмитаси раисининг ўринбосари Жалғасбай Бердиханов сўзга чиқди.
Таъкидлаш жоизки, мамлакатимизда энергия барқарорлигини таъминлаш, қайта тикланувчи энергия манбалари ва энергия тежамкор технологияларни жорий этиш, соҳани давлат томонидан қўллаб-қувватлаш механизмларини такомиллаштириш борасида дадил қадамлар ташланди ва салмоқли натижаларга эришилди. Бу борада улкан салоҳиятга эга бўлган Қорақалпоғистон учун электр энергияси ишлаб чиқариш бўйича катта мақсадли режалар белгилаб олинган.
Бу натижаларга эришишда энг аввало, соҳанинг ҳуқуқий асосини такомиллаштириш талаб этилиши ўта муҳим бўлиб, шу мақсадда "Қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш тўғрисида"ги Қорақалпоғистон Республикаси қонуни ишлаб чиқилди.
Кун тартибидаги ушбу масала ҳам батафсил кўриб чиқилди ва депутатлар томонидан қарор қабул қилинди.

Кун тартибидаги кейинги масала онкологик касалликларни эрта босқичда аниқлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, хорижий компанияларнинг дори воситаларини асоссиз буюртириш ҳолатларига чек қўйиш, соҳада бюджет маблағларининг мақсадли сарфланишини таъминлаш ва коррупцияга қарши курашиш бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигига юборилган Парламент сўрови натижаси ҳақида бўлиб, ушбу масала бўйича Соғлиқни сақлаш вазирлиги М.Қурбонов сўзга чиқди.
Бундан сўнг кун тартибидаги масала батафсил кўриб чиқилиб, депутатлар томонидан махсус қарор қабул қилинди.

Кун тартибида "Камбағалликдан фаровонлик сари" дастури асосида белгиланган вазифалар ижроси юзасидан Қорақалпоғистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигига парламент сўрови юбориш тўғрисида кейинги масала бўйича Жўқорғи Кенгеснинг Бюджет, иқтисодий ислоҳотлар, инвестициялар ва инновация масалалари қўмитаси раиси Бердибек Сейтназаров маъруза қилди.
Бу масала ҳам батафсил кўриб чиқилиб, қарор қабул қилинди.

Бундан сўнг кун тартибидаги навбатдаги масала бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Ижтимоий-маданий ривожланиш, ёшлар сиёсати, туризм ва жамоат бирлашмалари масалалари қўмитаси томонидан амалга оширилаётган ишлар тўғрисида Жўқорғи Кенгеснинг Ижтимоий-маданий ривожланиш, ёшлар сиёсати, туризм ва жамоат бирлашмалари масалалари қўмитаси раиси М.Атамуратовнинг ахбороти тингланди.
Бу масала батафсил кўриб чиқилди ва депутатлар томонидан қарор қабул қилинди.

Кун тартибидаги "Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон-2030" стратегияси тўғрисида"ги Фармонининг Қорақалпоғистон Республикасида ижро этилиши бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг ҳисоботи тўғрисида навбатдаги масала бўйича Вазирлар Кенгаши Раисининг ўринбосари - Инвестициялар, саноат ва савдо вазири Владимир Жоллыбеков сўзга чиқди.
Республикамизда тадбиркорлик фаолиятини янада ривожлантириш, хорижий инвестицияларни жалб этиш, экспортни қўллаб-қувватлаш, инвестиция лойиҳаларини ишга тушириш орқали янги ишлаб чиқариш қувватларини ҳамда халқимиз учун янги юқори даромадли иш ўринларини яратиш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг бошқа ҳудудларида жорий этилмаган имконият ва имтиёзлар яратиб берилди. Шу асосда 2025 йилнинг ўтган 6 ойи давомида бир қатор ижобий ишлар олиб борилиши натижасида юқори ютуқларга эришилди.
Шунингдек, "Ўзбекистон - 2030" стратегиясига мувофиқ, 2030 йилга қадар хорижий инвестиция ва кредитларни ўзлаштириш, экспорт прогноз кўрсаткичлари ҳамда йирик инвестиция лойиҳаларини ишга тушириш кўрсаткичларини яхшилашда ҳар йили босқичма-босқич юқори натижаларга эришиш мақсадида режа ва вазифалар белгилаб олинганлиги таъкидланди.
Кун тартибидаги ушбу масала ҳам батафсил кўриб чиқилди ва депутатлар томонидан қарор қабул қилинди.

Кун тартибидаги кейинги масала аҳоли орасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш, ёшларни жисмоний тарбия ва спортга қамраб олиш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳақида Қорақалпоғистон Республикаси Спорт вазирининг ҳисоботи тўғрисида бўлиб, бу масала бўйича Спорт вазири Еркинбай Қутыбаев сўзга чиқди.
Таъкидлаш жоизки, бугунги кунда юртимизда соғлом турмуш тарзини шакллантиришга, аҳоли, айниқса, ёш авлоднинг жисмоний тарбия ва спорт билан мунтазам шуғулланиши учун замон талабларига мос шароитлар яратишга, шунингдек, жисмоний тарбия ва оммавий спортни янада ривожлантиришга йўналтирилган кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Айниқса, ҳурматли Президентимиз раҳбарлигида 2025 йил 13 февраль куни олимпия ва паралимпия ҳаракати, ихтисослаштирилган ва оммавий спортни янги босқичга олиб чиқиш ҳамда аҳолининг жисмоний фаоллигини оширишга бағишланган видеоселектор йиғилишида берилган топшириқлар бу борадаги эзгу ишларни янги босқичга кўтармоқда.
Сессияда белгилаб олинган вазифалар, берилган топшириқлар асосида республикамизда бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилиб, бу борадаги ишлар яна давом эттирилаётганлиги таъкидланди.
Кун тартибидаги навбатдаги масала кўриб чиқилиб, бу бўйича депутатлар қарор қабул қилди.

Кун тартибидаги кейинги масала қишлоқ хўжалигида сув ресурсларидан мақсадли фойдаланиш, сув исрофгарчилигини камайтириш ва сувни тежашга қаратилган чора-тадбирларнинг бажарилиши тўғрисида Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирининг ҳисоботи ҳақида бўлиб, бу масала бўйича Сув хўжалиги вазири Бахтияр Юсупов сўзга чиқди.
Бу масала ҳам батафсил кўриб чиқилди ва депутатлар томонидан қарор қабул қилинди.

Сессия кун тартибида ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкалари ҳамда уларда қурилган бино ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни тан олиш тўғрисидаги масала кўриб чиқилди.
Таъкидлаш жоизки, ҳурматли Президентимизнинг бевосита ташаббуси билан фақат Қорақалпоғистон учун 119-сонли махсус Фармон қабул қилиниб, шу асосда, шаҳар ва туманлардаги жами 27 минг 590 та кадастр ҳужжати бўлмаган турар-жойларга эгалик қилиш ҳуқуқи берилди ва кадастр паспортлари ишлаб чиқилиб, давлат рўйхатидан ўтказилди.
Бу эзгу ишлар янада давом эттирилиб, "Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларига ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни тан олиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикасининг махсус Қонуни қабул қилинди.
Сессияда ушбу қонун асосида ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкасига бўлган ижара ҳуқуқи ҳамда уларда қурилган бино ва иншоотларга бўлган мулк ҳуқуқи эътироф этилаётган 266 нафар фуқаронинг рўйхати сессия қарори билан тасдиқланди.

Сессия мажлисининг кун тартибидаги кейинги масала Жўқорғи Кенгес Президиумининг тегишли қарорларини тасдиқлаш ҳақида бўлиб, бу масала ҳам батафсил кўриб чиқилди.
Бундан сўнг депутатлар томонидан махсус қарор қабул қилинди.
Шу билан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг бешинчи сессияси ўз ишини якунлади.