Нукус шаҳрида “Табассум ҳадъя этамиз” хайрия акцияси ўтказилмоқда

Администрация раҳбарининг ташаббуси билан жорий йилнинг 5-12 апрель кунлари Нукус шаҳридаги Болалар миллий тиббиёт марказининг Оролбўйи минтақаси болалар касалликлари бўйича тиббиёт клиникасида “Табассум ҳадъя этамиз” («Дарим улыбку») халқаро фонди иштирокида хайрия акцияси ўтказилмоқда.
Тадбир доирасида аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлами орасидан бир неча босқичда жажжи беморлар саралаб олинди. Дастлаб Болалар миллий тиббиёт маркази мутахассислари томонидан 2000 нафардан ортиқ ўғил-қизлар кўрикдан ўтказилди ва улардан 270 нафардан ортиғи танлаб олинди.
Ушбу болаларнинг ҳар бирида 40 йиллик тажрибага эга, жаҳоннинг машҳур пластик жарроҳи Ҳасан Баиев томонидан тиббий текширувлар амалга оширилди.
Натижада улар орасидан жарроҳлик амалиётларини ўтказишга муҳтож кичик ёшли беморлар саралаб олиниб, Болалар миллий тиббиёт марказининг Оролбўйи минтақаси болалар касалликлари бўйича тиббиёт клиникасига ётқизилди.
Хайрия акцияси доирасида жами 70 нафардан ортиқ беморларда жарроҳлик амалиётлари бажарилади.
Муҳими, акция доирасида туғма танглай ва лаб кемтиги бўлган болалардаги операциялардан ташқари бир қанча уникал амалиётлар ҳам ўтказилмоқда. Жумладан, қулоқ супраси бўлмаган бемор болаларда бу орган тиклаб берилди.
.jpg)
.jpg)