Тадбиркорлар муаммолари тингланди

Савдо-саноат палатаси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси биносида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Раиси Аманбай Орынбаевнинг Нукус шаҳридаги янги лойиҳа ташаббускорлари бўлган тадбиркорлар билан учрашуви бўлиб ўтди.
Учрашувда дастлаб, Жўқорғи Кенгес Раиси юртимизда ҳурматли Президентимизнинг Қорақалпоғистон учун алоҳида қабул қилинган қарор, фармонлари асосида тадбиркорлар учун яратиб берилган шароитлар, мамлакатимизнинг бошқа ҳудудларида бўлмаган имтиёзлар ҳақида кенг тарзда таъкидлаб, ўз навбатида бундай имкониятлар натижасида тадбиркорларнинг сони ортиб, янги иш ўринлари яратилаётганини айтиб ўтди.
Таъкидланганидек, ўтган тарихан қисқа вақт мобайнида мамлакатимизда тадбиркорларнинг ўз бизнесини юритиши, кенгайтириши, янги қувватларни ишга тушириши, минтақамизнинг инвеститсиявий жозибадорлигини ошириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Бундай эзгу тадбирлар яна давом эттирилади.
Бугунги ўтказилган учрашувда тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш борасида яна амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар ҳақида сўз юритилди.
Тадбиркорлар томонидан кўтарилган масалаларнинг аксариятига жойида ечим топиш чоралари кўрилди. Тизимли муаммолар белгилаб олинди. Ҳар бир мурожаат эътибордан четда қолмаслиги таъкидланди.





