Фуқароларнинг мурожаатлари эътибордан четда қолмаслиги керак

Яқинда Нукус шаҳрида фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш ва аҳоли муаммоларига ечим топиш масалаларига бағишланган мажлис ўтказилди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг ўринбосари П.Бобожонов, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Раиси Аманбай Орынбаeв, Вазирлар Кенгашининг Раиси Ф.Эрманов иштирок этди.
Таъкидланганидек, халқимизнинг бугунги ҳаётидан розилиги ва фаровон турмушини таъминлаш, уларнинг муаммо ва мурожаатларига ечим топиш ўта муҳим масалалардан бири ҳисобланади.
Ўтказилган мажлисда ана шу йўналишдаги масалалар кенг турда муҳокама қилинди. Аҳолини қийнаб келаётган масалаларга ечим топишнинг аниқ механизмлари кўрсатиб берилди. Шунингдек, ҳурматли Президентимиз раислигида жорий йилнинг 13 март куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида белгиланган вазифалар ва мурожаатлар билан ишлаш тизимини такомиллаштириш механизмлари тушунтириб ўтилди.
Бундан ташқари, яқинда қабул қилинган " Аҳоли билан мулоқот тизимини самарали ташкил қилиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги 51-сонли фармоннинг мазмун-моҳияти, уни ҳаётга татбиқ этиш бўйича аниқ чора-тадбирлар кўриб чиқилди.
Кун тартибидаги масалалар бўйича ҳар бир раҳбар фуқаролар томонидан кўтарилган ҳар қандай мурожаатни эътиборга олиб, масъулият билан қараши, билдирилган масала, албатта, ечимини топиши кераклиги алоҳида таъкидланди.




