Раҳбар ва ёшлар учрашуви бўлиб ўтди

Юртимизда ёшларга бўлган эътибор давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланиб, уларнинг фикр ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, муаммоларини ўз вақтида ҳал этиш мақсадида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Шу асосда Президентимиз ташаббуси билан ҳар ҳафтанинг пайшанба куни "Ёшлар куни" сифатида белгиланган эди.
Ана шу ташаббус доирасида бугун Нукус шаҳрида Раҳбар ва ёшлар учрашуви ўтказилди.
Тадбирни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Раиси Аманбай Орынбаев кириш сўзи билан очди ва бошқариб борди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг биринчи ўринбосари Б.Валиев, Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг биринчи ўринбосари А.Усмонов, Ички ишлар вазирининг ўринбосари Р.Ашропов, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирининг ўринбосари А.Муратов, Мактабгача ва мактаб таълими вазирининг ўринбосари Ф.Боқиев, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари У.Абдуллаевалар иштирок этди.
Учрашувда мамлакатимизда Президентимиз томонидан ёшларга қаратилаётган юксак эътибор, уларнинг таълим олиши, касб-ҳунар эгаллаши ва ўз салоҳиятини намоён этиши учун яратилаётган имкониятлар ҳақида алоҳида сўз юритилди.
Учрашув давомида ёшларнинг фикр-таклифлари, муаммолари тингланди ва ҳар бир кўтарилган масала назоратга олиниб, ёшларнинг барча ташаббуслари қўллаб-қувватланиши таъкидланди.





