Жаҳон банки томонидан хотин-қизларнинг бизнес ташаббусларини қўллаб-қувватлаш учун 120 минг АҚШ доллари миқдорида грант маблағлари ажратилди

Қорақалпоғистон Республикасида "Қишлоқ тадбиркорлигини ривожлантириш - 2-фаза" лойиҳаси доирасида Жаҳон банки томонидан хотин-қизларнинг бизнес ташаббусларини қўллаб-қувватлаш учун 120 минг АҚШ доллари миқдорида грант маблағлари ажратилди.
Лойиҳанинг 2-фазаси биринчи босқичи учун Мўйноқ, Қонликўл ва Бўзатов туманларининг ҳар бирига 40 минг доллардан маблағ ажратилди. Ушбу маблағлар 100 дан ортиқ хотин-қизларнинг бизнес лойиҳаларини молиялаштиришга хизмат қилиб, ҳар бир тадбиркор аёл ўз бизнес режасининг кўлами ва эҳтиёжига мувофиқ зарур молиявий кўмак билан таъминланади.
Ажратилган маблағлар ҳисобидан ҳудудларда тикувчилик, чорвачилик, иссиқхона хўжалиги, нон маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳамда аҳолига тиббий ва таълим хизматлари кўрсатиш каби муҳим йўналишлар ривожлантирилади.
Лойиҳанинг 2-фазаси учун кўзда тутилган жами 600 минг долларлик грант дастури доирасида келгусида яна 4 босқич амалга оширилиши режалаштирилган бўлиб, бу саъй-ҳаракатлар натижасида қишлоқ жойларда юзлаб янги иш ўринлари яратилади ва аҳоли фаровонлиги ошади.