Бўзатовда замонавий насос станцияси ишга туширилди

Ҳурматли Президентимизнинг 4912-сонли қарорига мувофиқ, Амударёнинг Бўзатов тумани ҳудудидан ўтадиган қисмида қуввати 3 м3/секунд бўлган NDN-24 насос агрегатларини ўрнатиш лойиҳаси амалга оширилди.
Бугун янги барпо этилган замонавий насос станциясининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Тадбирда Сув хўжалиги вазирлиги, туман ҳокимлиги мутасаддилари, нуронийлар, фермерлар ва маҳалла фаоллари иштирок этди.
Қайд этилганидек, мазкур лойиҳа ҳудуд инфратузилмасини янада ривожлантириш, санитария ҳолатини яхшилаш ва аҳоли учун қулай яшаш шароитларини яратишда муҳим ўрин тутади.
Насос агрегатларининг ўрнатилиши натижасида тумандаги 1,5 минг аҳолининг 210 гектар томорқа майдонлари, 2,8 минг гектар суғориладиган ерлар ва 3,5 минг гектар яйлов майдонларини оқар сув билан таъминлаш имконияти янада яхшиланади.
Бу ишларга қурилиш бошидан жами 13.2 млрд. сўм маблағ сарфланди. Айни пайтда Қорақалпоғистон насос станциялари ва энергетика бошқармаси томонидан агрегатлар соз ҳолатда сақланиб, ҳудуднинг сувга бўлган эҳтиёжини таъминлашга хизмат қилмоқда.

