Кегейли туманида ёшлар билан учрашув ўтказилди

Президентимиз топшириғи билан пайшанба ёшлар куни деб белгиланиб, шу асосда жойларда раҳбар ва ёшлар учрашувлари ўтказиб келинмоқда.
Шундай навбатдаги учрашув Кегейли туманида ўтказилди. Унда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Раиси Аманбай Орынбаев бир қатор ишсиз ва оталиққа олинган, шунингдек, оғир тоифадаги ва фаол ёшлар билан учрашди.
Дастлаб ёшлар учун бўш иш ўринлари меҳнат ярмаркаси ташкил этилди. Бундан ташқари, ёшлар ташаббусларини қўллаб-қувватлаш борасида яратилган шароитлар, берилган имкониятлар юзасидан тақдимот намойиш этилди.
Таъкидлаш жоизки, бу ёшлар билан яқинда Жўқорғи Кенгес Раиси учрашиб, уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва яқиндан ёрдам бериш бўйича масъулларга топшириқлар берган эди. Шу асосда 50 нафар ёшнинг уй шароитида ишлаб чиқариш ва тадбиркорлик билан шуғулланиши учун махсус ускуналар олиб келиш чоралари кўрилмоқда. Бундан ташқари, бандлик, ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва бошқа маиший масалалар ҳал этилиши кўзда тутилган.
Бугунги ўтказилган учрашувда ҳам ёшларнинг фикр-таклифлари тингланиб, жойида ечимини топиш чоралари кўрилди ва уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш бўйича мутасаддиларга аниқ топшириқлар берилди.








