Уруш қатнашчиси ҳолидан хабар олиниб, Президент совғаси топширилди

Карнишина Мария Ивановна 1929 йилда Украинада туғилган. 1944 йили Армия сафига чақирилиб, урушга отланган. 1094-сонли Эвакуация ҳарбий қисм госпиталида хизмат қилган. Бу ерда жангда жароҳат олган жангчиларга тиббий ёрдам кўрсатиб, ғалабага ўз ҳиссасини қўшган.
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Раиси Аманбай Орынбаев бугун орамизда умргузаронлик қилаётган уруш қатнашчиси Мария Ивановнанинг хонадонида бўлди.
Фахрий 9 май - Хотира ва қадрлаш куни умумхалқ байрами, шунингдек, Иккинчи жаҳон урушида фашизм устидан қозонилган ғалабанинг 81 йиллиги билан самимий табрикланди ҳамда унга Ўзбекистон Республикаси Президентининг байрам табриги ўқиб эшиттирилди.
Шунингдек, ғалабага ҳисса қўшган қаҳрамонлар, фронт ортида хизмат қилган фахрийлар, юртимиз равнақи йўлида меҳнат қилган нуронийларнинг эзгу ишлари доимо ёдга олиниб, уларга ҳурмат кўрсатилиши таъкидланди.
Президентимиз топшириғи асосида Мария Ивановнага 30 миллион сўм миқдорида бир марталик пул мукофоти, шунингдек, Президент совғалари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, Вазирлар Кенгаши, Шимоли-ғарбий ҳарбий округи, Нукус шаҳри ҳокимлиги ва бир қатор ташкилотлар номидан қимматбаҳо совғалар топширилди.

