Қадрли ўқувчилар, азиз мактаб битирувчилари!

Аввало, сизларни бугунги мактабни битирганингиз ва катта ҳаётга қадам қўяётганингиз билан самимий табриклаймиз.
Сизлар узоқ кутган санада республикамизнинг барча жойларида "Сўнги қўнғироқ" садоси янграб, битирувчи ёшлар қадрли мактаблари, меҳрибон устозлари билан хайрлашмоқда. Бугунги санада қанчадан-қанча ёшларимиз олтин медаль, кумуш медаль билан мактабни аъло баҳоларга битиряпти.
Албатта, буларнинг барчаси нафақат сиз - ёшлар, балки ота-оналар, устоз ва мураббийлар учун ҳам алоҳида эътиборга молик воқеадир.
Ўтган йилларга назар ташлайдиган бўлсак, сизларнинг ҳаётингизда улкан тарихий ўзгаришлар ва янгиланишлар юз бераётганини кўплаб мисолларда кўришимиз мумкин.
Хусусан, ҳурматли Президентимиз раҳбарлигида мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида ёшларни қўллаб-қувватлаш бўйича қатор қонун, фармон ва қарорлар қабул қилинди. Айниқса, Президентимиз томонидан қабул қилинган 213-сонли тарихий фармон билан қорақалпоғистонлик ёшларга қаратилаётган алоҳида эътибор натижасида ҳар йили қўшимча квоталар ажратилаётгани кўнгилларга алоҳида ғурур-ифтихор туйғуларини бағишлайди.
Бундан ташқари, юртимиз келажаги бўлган сиз-ёшларни қўллаб-қувватлаш бўйича чора-тадбирлар натижасида битирувчи ёшларимиз орасидан муддатидан олдин олий ўқув юртларига кириш бахтига эришаётган ёшлар сони кун саин ортиб бормоқда. Улар бугун дунёнинг машҳур олий ўқув юртлари ва юртимиздаги филиалларига грант ютиб олиб, талаба бўлган ёшлар ҳисобланади. Албатта, бундай мисолларни яна кўплаб келтириш мумкин.
Қадрли ёшлар!
Сизларни мактаб таълимини муваффақиятли якунлаганингиз билан яна бир бор самимий табриклаб, барчангизга талаба бўлиш бахтига муяссар бўлишингизни тилаб қоламиз.
Аманбай Орынбаев
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Раиси