Оғир ижтимоий вазиятдаги ёш оилаларни қўллаб-қувватлашга қаратилган меморандум имзоланди

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигида “ИнФинБанк” АЖ ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси билан ҳамкорлик меморандумини имзолаш маросими бўлиб ўтди.
Унда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директори Мансурбек Оллоёров, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Раиси Аманбай Орынбаев ҳамда “ИнФинБанк” АЖ акциядори Фарҳод Мамаджанов иштирок этди.
Мазкур меморандум доирасида “ИнФинБанк” томонидан ҳомийлик маблағлари ҳисобидан Қорақалпоғистон Республикасидаги оғир ижтимоий вазиятдаги ёш оилаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида 16 миллиард сўмдан ортиқ маблағ ажратилиши белгиланди.
Лойиҳа доирасида ёш оилалар яшаб келаётган оғир аҳволдаги уй-жойлар ўрнига янги уй-жойлар қуриб берилиб, зарур инфратузилма яратиш ҳамда қуёш панелларини ўрнатиш ишлари амалга оширилади. Жами 101 та уй-жой қурилиши кўзда тутилган.
Ушбу меморандум Қорақалпоғистон Республикасидаги эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг турмуш шароитларини яхшилаш ва фаровон ҳаётини таъминлаш йўлидаги муҳим амалий қадам бўлиб хизмат қилади.