Қорақалпоғистонда болаларни Гепатит "А" касаллигига қарши эмлаш учун 8 миллиард сўм маблағ ажратилди

Ўтган йилнинг 27 январь куни ҳурматли Президентимизнинг Қорақалпоғистон учун алоҳида яна бир муҳим бўлган 10-сонли фармони қабул қилиниб, шу асосда минтақамиз учун бир қатор имтиёзлар берилган эди.
Ушбу фармон асосида 2025-йилнинг ўзида фақат Қорақалпоғистонда яшовчи болалар учун тегишли маблағлар ажратилиб, 47 220 доза вакцина сотиб олинди ва ёш кўрсаткичи бўйича касалланиш даражаси юқори бўлган болалар орасида гепатит "А" касаллигига қарши бепул эмлаш ишлари амалга оширилди.
Ўтказилган эмлаш ишлари натижасида аҳолининг вирусли гепатит "А" касаллиги билан касалланиш кўрсаткичининг 2024 йилга нисбатан 1,6 баробарга, мақсадли гуруҳ болалари ўртасидаги касалланиш ҳолатларининг 3,7 баробарга камайишига эришилди.
Берилган имтиёзлар қаторида жорий йилда касалликка қарши эмлаш ишларини олиб бориш учун бюджетдан яна 8 миллиард сўм маблағ ажратилди.
Жумладан, жорий йил давомида 45 мингдан ортиқ мақсадли гуруҳдаги болаларни вирусли гепатитнинг "А" турига қарши эмлаш юзасидан тегишли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.