Қорақалпоғистонда чорвачилик соҳаси вакиллари учун тренинглар старт олди

Мамлакатимиз бўйлаб чорвачилик соҳаси вакилларининг профессионал малакасини оширишга қаратилган тизимли ўқув амалиётларининг давоми сифатида 11–13 июнь кунлари Нукус шаҳрида ҳудуднинг барча туманларидан келган фермерлар ва соҳа мутахассислари учун интенсив тренинглар ўтказилмоқда.
Ушбу ташаббус Чорвачилик ва яйлов хўжалигини ривожлантириш агентлиги ҳамда Франция тараққиёт агентлиги (ФТА) иштирокидаги «Чорвачилик соҳасини барқарор ривожлантиришни молиялаштириш» лойиҳаси доирасида ҳаётга татбиқ этилмоқда. Лойиҳанинг асосий мақсади соҳа вакилларига замонавий назарий ва амалий билимларни етказиш орқали тармоқнинг барқарор ривожланишини таъминлашдир.
Машғулотлар давомида малакали экспертлар ва илмий ходимлар томонидан иштирокчиларга чорвачиликнинг энг муҳим жиҳатлари юзасидан батафсил маълумотлар берилмоқда. Хусусан, ўқув дастуридан қуйидаги долзарб мавзулар ўрин олган:
- Қорақалпоғистоннинг ўзига хос табиий-иқлим шароитида чорва молларини тўғри парваришлаш;
- гўшт ва сут йўналишидаги қорамолларни илмий асосланган ҳолда озиқлантириш;
- касалликлар профилактикаси ва ветеринария гигиенаси қоидалари;
- соғишнинг замонавий усуллари ва сифат назорати;
- ҳайвонларга биринчи ёрдам кўрсатиш кўникмалари.
Мазкур ўқув курслари фақат назарий маърузалар билан чекланиб қолмай, балки амалий машғулотлар билан узвий боғланган ҳолда олиб борилмоқда.