Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг ўн иккинчи сессияси тўғрисида ахборот

Жорий йилнинг 15 июнь куни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг ўн иккинчи сессияси ўтказилди. Сессияда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ва Ҳукумат аъзолари, Республика соҳа раҳбарлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари, шунингдек, Жўқорғи Кенгес депутатлари иштирок этди.
Дастлаб Ўзбекистон Республикаси ва Қорақалпоғистон Республикаси давлат мадҳиялари янгради. Сессияни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Раиси Аманбай Орынбаев кириш сўзи билан очди ва бошқариб борди.
Сессия "Қорақалпоғистон" телеканали орқали тўғридан-тўғри эфирда ёритиб борилди.
Сессия кун тартибида дастлаб "Жамоатчилик назорати тўғрисида"ги Қорақалпоғистон Республикаси Қонунининг лойиҳаси тўғрисидаги масала бўйича Жўқорғи Кенгеснинг Маҳаллий ҳокимият вакиллик ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳамда давлат органларининг очиқлигини таъминлаш масалалари қўмитаси раиси Ш.Отемисов сўзга чиқди.
Кун тартибидаги масала тўлиқ кўриб чиқилди ва депутатлар томонидан қарор қабул қилинди.
Кун тартибидаги навбатдаги масала "Энергияни тежаш, ундан оқилона фойдаланиш ва энергия самарадорлигини ошириш тўғрисида"ги Қорақалпоғистон Республикаси Қонунининг лойиҳаси ҳақида бўлиб, бу масала бўйича Жўқорғи Кенгеснинг Саноат, қурилиш, транспорт ва ахборот технологиялари масалалари қўмитаси раиси И.Ниязов сўзга чиқди.
Бу масала ҳам батафсил кўриб чиқилди ва депутатлар томонидан қарор қабул қилинди.
Бундан сўнг Бюджет даромадлари режасининг ижроси ва солиқ қарздорликларини камайтиришда амалга оширилган ишлар юзасидан Қорақалпоғистон Республикаси Солиқ бошқармасига парламент сўрови юбориш тўғрисидаги масала юзасидан Жўқорғи Кенгеснинг Бюджет, иқтисодий ислоҳотлар, инвестициялар ва инновация масалалари қўмитаси раиси Б.Сейтназаров сўзга чиқди.
Кун тартибидаги масала тўлиқ кўриб чиқилди ва депутатлар томонидан қарор қабул қилинди.
Сессия кун тартибидаги навбатдаги масала Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг Қорақалпоғистон Республикасидаги минтақавий вакилининг 2025 йилда амалга оширган ишлари ҳақида бўлиб, бу масала бўйича Қорақалпоғистон Республикасидаги минтақавий вакил Ж.Шлимбетов маъруза қилди.
Бу масала ҳам батафсил кўриб чиқилди ва депутатлар томонидан қарор қабул қилинди.
Сессия давомида Қорақалпоғистон Республикаси бюджетининг 2025 йилда ижросини ташқи аудит ва баҳолашдан ўтказиш якуни тўғрисидаги масала бўйича Ҳисоб палатасининг бош инспектори - Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашидаги вакили Х.Қурбонов сўзга чиқди.
Бу масала ҳам батафсил кўриб чиқилиб, депутатлар томонидан қарор қабул қилинди.
Сессияда тижорат банклари томонидан дастурлар доирасида кредит маблағлари ажратилиши ҳамда жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш, шунингдек, ходимлар ўртасида коррупциянинг олдини олишга қаратилган ишлар бўйича Марказий банк Қорақалпоғистон Республикаси Бош бошқармасига юборилган Парламент сўрови натижаси тўғрисидаги масала кўриб чиқилди.
Таъкидлаш жоизки, Жўқорғи Кенгеснинг ўтган тўққизинчи сессиясида ушбу масала бўйича Марказий банк Қорақалпоғистон Республикаси Бош бошқармасига Парламент сўрови юборилган эди.
Бугунги сессияда Парламент сўрови натижаси бўйича Марказий банк Қорақалпоғистон Республикаси Бош бошқармаси бошлиғи А.Исаков сўзга чиқди.
Кун тартибидаги масала кўриб чиқилиб, депутатлар томонидан қарор қабул қилинди.
Сессия кун тартибида ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкасига бўлган ижара ҳуқуқи ҳамда уларда қурилган бино ва иншоотларга бўлган мулк ҳуқуқи эътироф этилаётган фуқаролар рўйхатини сессия қарори билан тасдиқлаш масаласи кўриб чиқилди.
Ўзбекистон Республикасининг махсус Қонунини қўллаб, ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкасига бўлган ижара ҳуқуқи ҳамда уларда қурилган бино ва иншоотларга бўлган мулк ҳуқуқи эътироф этилаётган 800 нафар фуқаронинг рўйхати сессия қарори билан тасдиқланди.
Сессия кун тартибида Қорақалпоғистон Республикаси суди раисининг ўринбосари - жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати раисини сайлаш тўғрисидаги масала кўриб чиқилди.
Бу масала бўйича Абибуллаев Елубай Онгарбаевичнинг номзоди тавсия этилди.
Номзод депутатлар томонидан маъқулланди ва Е.Абибуллаев - Қорақалпоғистон Республикаси суди раисининг ўринбосари - жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси лавозимига сайланди.
Сессия мажлисининг кун тартибидаги кейинги масала Жўқорғи Кенгес Президиумининг тегишли қарорларини тасдиқлаш тўғрисида бўлиб, бу масала ҳам тўлиқ кўриб чиқилди ва депутатлар томонидан махсус қарор қабул қилинди.
Шу билан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг ўн иккинчи сессияси ўз ишини якунлади.





