Қорақалпоғистонга янги трансформатор пунктлари олиб келинди

Бугунги кунда республикамизда паст кучланишли электр тармоқларини модернизация ва реконструкция қилиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, жорий йилда махсус дастурлар доирасида Қорақалпоғистонда жами 818,4 км 0,4-10 кВ электр узатиш тармоқлари, 219 дона трансформатор пунктлари, 7 дона ячейка ҳамда 8 дона тақсимлаш пунктларини (РП) реконструкция ва модернизациялаш ишларини олиб бориш режалаштирилган. Шундан, бугунги кунга қадар амалда 212,8 км электр узатиш тармоқлари ва 23 дона трансформатор пунктлари ўрнатилиб, қурилиш-монтаж ишлари давом эттирилмоқда.
Амалга оширилаётган ишлар қаторида давлатимиз раҳбарининг махсус топшириғига асосан 459-сонли Президент қарори ва Вазирлар Маҳкамасининг 53-сонли қарори ижросини таъминлаш мақсадида 2025-2029 йиллар оралиғида Қорақалпоғистон Республикаси ва Сурхондарё вилоятида Жаҳон банкининг 50 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маблағлари ҳисобидан паст кучланишли 0,4-110 кВ тармоқларни модернизация ва реконструкция қилиш кўзда тутилган.
Ушбу лойиҳа доирасида 2026 йили 102,2 млрд. сўмга яқин маблағ ҳисобидан Қорақалпоғистонда 462,5 км электр узатиш тармоқлари, 8 дона тақсимлаш пунктлари (РП), 6 дона ячейка ва 118 дона трансформатор янгидан ўрнатилиши белгиланган. Бугунги кунда объектларнинг лойиҳа-смета ишлари якунланиб, қурилиш-монтаж ишларини бошлаш учун зарур материаллар тўпланмоқда.
Бугун ушбу лойиҳадаги ишлар доирасида 8 дона трансформатор пунктлари Қорақалпоғистонга олиб келинди. Яна 110 та трансформатор олиб келинади.
.jpg)
