Қорақалпоғистонда қарийб 62 километр маҳаллий аҳамиятдаги автомобиль йўллари цемент-бетон қопламали йўлларга айлантирилади

Ҳурматли Президентимизнинг "Осиё тараққиёт банки иштирокида "Цемент-бетон қопламали ички йўлларни қуриш" лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги 2024 йил 15 апрелдаги 157-сон қарорига асосан Қорақалпоғистон Республикасида қишлоқ автомобиль йўлларини тиклаш ҳамда самарадорликка асосланган техник хизмат кўрсатиш бўйича қурилиш ишлари амалга оширилади.
Лойиҳани амалга ошириш учун тегишли маблағлар ажратилиб, бугунги кунда 4 та лот бўйича тендер савдолари эълон қилинди.
Таъкидлаш жоизки, умумий қиймати 18,5 миллион АҚШ доллари бўлган маблағлар ҳисобидан республикадаги 61,3 км маҳаллий аҳамиятдаги автомобиль йўлларини цемент-бетон қопламали йўлларга айлантириш кўзда тутилган.
Жумладан, 1-лот бўйича Тахтакўпир, Қораўзак ва Чимбой туманларидаги жами 6 та объектда 16,6 км, 2-лот бўйича Кегейли, Бўзатов туманлари ва Нукус шаҳридаги жами 7 та объектда 18,2 км, 3-лот бўйича Қўнғирот, Шуманай ва Қонликўл туманларидаги жами 6 та объектда 14,1 км, 4-лот бўйича Амударё, Беруний ва Тўрткўл туманларидаги жами 8 та объектда 12,4 км маҳаллий аҳамиятдаги автомобиль йўллари цемент-бетон қопламали йўлларга айлантирилади.
Мазкур лойиҳа амалга оширилиши натижасида аҳоли ва транспорт воситалари учун янада қулай ва хавфсиз ҳаракатланиш шароитлари яратилиб, маҳаллий аҳамиятдаги автомобиль йўлларининг транспорт-эксплуатация ҳолати янада яхшиланади.