Йилига ярим тоннадан ортиқ олтин ишлаб чиқариш заводи иш бошлади

Ҳурматли Президентимизнинг Қорақалпоғистонга бўлган алоҳида эътибори натижасида минтақамизнинг инвестицион жозибадорлигини ошириш ва тадбиркорлар учун имкониятлар яратиш борасида кенг кўламли чора-тадбирлар давом эттирилмоқда.
Ана шундай яратилган имкониятлар натижасида юртимизда илк бор тадбиркорлар томонидан замонавий технологиялар усулида олтин ишлаб чиқариш заводи ишга туширилди.
Янги заводнинг очилиш маросимида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Раиси Аманбай Орынбаев сўзга чиқиб, юртимиз иқтисодиётини ривожлантиришга салмоқли ҳисса қўшадиган янги қувват ишга туширилиши муносабати билан йиғилганларни табриклади.
Таъкидлаш жоизки, Хитой давлатининг «Dji An Tai International» компанияси томонидан умумий 33 миллион доллар маблағлар ҳисобидан ишга туширилган янги заводда соф олтин ишлаб чиқариш жараёни тўртта 9 та пробага (Аu 999,9) етказилгани тарихий воқеалардан бири бўлди десак муболаға бўлмайди.
Ушбу объект тўлиқ қувватда ишга тушгач, суткасига 1000 тонна рудани қайта ишлаш орқали йилига ярим тоннадан зиёд олтин ишлаб чиқариш йўлга қўйилади ва 250 та янги иш ўрни яратилади.
Албатта, бугун ишга туширилаётган янги қувват халқимизнинг фаровон ҳаётини таъминлашга хизмат қилиши билан бирга, мамлакатимиз иқтисодиётини янада мустаҳкамлашда алоҳида ўрин тутади.