Қорақалпоғистонда тадбиркорлар учун янги имконият, энди ҳар бир лойиҳа банклар билан бирга кўриб чиқилади

Қорақалпоғистон Республикасида «Долзарб 40 кунлик» доирасида тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли бандлигини таъминлашга қаратилган янги механизм ишга туширилди.
Энди истиқболли бизнес ғоялари Лойиҳа офиси орқали 9 та тижорат банки ва тегишли ташкилотлар билан биргаликда кўриб чиқилади.
☑️ Энг муҳими, лойиҳалар фақат кредит ажратиш нуқтаи назаридан эмас, балки уларни тўлиқ амалга ошириш имконияти бўйича ҳам баҳоланади. Яъни молиявий модел, инфратузилма, зарур рухсатномалар ва лойиҳани амалга оширишга тўсқинлик қилаётган бошқа омиллар ҳам биргаликда ўрганилиб, уларнинг ечимлари ишлаб чиқилади.
☑️ Бу жараёнда тижорат банклари ҳам фаол иштирок этади. Улар истиқболли лойиҳаларни молиялаштириш, тадбиркорларга банк хизматларини кўрсатиш ва бизнес ташаббусларини амалга оширишда амалий кўмак беради.
☑️ Янги тизимнинг асосий мақсади — яхши бизнес ғоялари қоғозда қолиб кетмаслиги, уларни тезроқ амалга ошириш, янги иш ўринлари яратиш ва аҳоли даромадларини оширишдан иборат. Шу орқали давлат ташкилотлари ва банклар биргаликда ҳар бир лойиҳани натижагача олиб боришга ҳаракат қилади.