Нукусга 44 дона замонавий автобус олиб келинди

Президентимиз томонидан белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида ҳудудларда жамоат транспорти тизимини ривожлантириш, аҳолига кўрсатилаётган транспорт хизматлари сифатини ошириш ва ҳаракат таркибини замонавий автобуслар билан янгилаш ишлари изчил давом эттирилмоқда.
Хусусан, Нукус шаҳрида йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланувчи "Fayz Avangard" МЧЖ корхонаси томонидан 32 дона ва "Mangit lestorg" МЧЖ томонидан 12 дона замонавий автобуслар олиб келинди. Бу автобуслар шаҳар ичидаги йўналишларга "Брутто-шартнома" асосида жойлаштирилади.
Замонавий ҳаракатланувчи қурилмалар Нукус шаҳрида жамоат транспорти хизматлари сифатини ошириш, йўловчилар учун қулай ва хавфсиз қатновни таъминлаш ҳамда транспорт тизими самарадорлигини янада оширишга хизмат қилади.