Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг ўн учинчи сессияси тўғрисида ахборот

Жорий йилнинг 17 август куни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг ўн учинчи сессияси ўтказилди. Сессияда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ва Ҳукумат аъзолари, Республика соҳа раҳбарлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари, шунингдек, Жўқорғи Кенгес депутатлари иштирок этди.
Дастлаб Ўзбекистон Республикаси ва Қорақалпоғистон Республикаси давлат мадҳиялари янгради. Сессияни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Раиси Аманбай Орынбаев кириш сўзи билан очди ва бошқариб борди.
Сессия «Қорақалпоғистон» телеканали орқали тўғридан-тўғри эфирда ёритиб борилди.
Сессия кун тартибида дастлаб Қорақалпоғистон Республикасининг келгуси йиллардаги ривожланишини белгилаб берадиган энг муҳим ҳужжат - Қорақалпоғистон Республикасини 2030 йилгача ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш стратегияси кўриб чиқилди.
Таъкидлаш жоизки, камбағалликни қисқартириш ва бандликни таъминлаш борасида 2030 йилга қадар ишсизликни 3,0 фоиздан пасайтириш учун саноат, хизмат кўрсатиш ва қишлоқ хўжалиги лойиҳалари барча маҳаллаларда ишга туширилади.
Таълим тизими ва кадрлар салоҳияти масалаларида болаларни боғчаларга қамраб олиш даражасини 86 фоизга етказиш, жумладан, Нукус шаҳри, Нукус, Беруний ва Қўнғирот туманларида бу кўрсаткични 100 фоизга етказиш кўзда тутилмоқда.
Мактабларда таълим сифатини ошириш мақсадида 80 та мактабда қурилиш-реконструкция ишларини олиб бориш, мактаб битирувчиларини олий таълимга қамраб олишни 60 фоизгача ошириш кўзда тутилмоқда.
Ижтимоий инфратузилма ва коммунал хизматлар сифатини яхшилаш мақсадида ҳар йили 4 мингдан ортиқ квартирали уй-жойлар барпо этиш, шунингдек, энг муҳими, аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш даражасини ҳозирги 75 фоиздан 86 ярим фоизга етказиш белгилаб олинмоқда. Электр ва газ таъминотида барқарорликка эришиш учун 411 та трансформатор пункти ҳамда 3 ярим минг километр электр тармоқларини янгидан қуриш, модернизация ва реконструкция қилиш ишлари олиб борилади.
Экологик барқарорликни таъминлаш борасида Оролбўйи ҳудудида яшил ҳимоя зоналарини 2 ярим миллион гектарга етказиш, заҳарли чанг-тўзонларни 30 фоизга камайтириш орқали халқимиз саломатлигини янада мустаҳкамлаш кўзда тутилмоқда.
Кун тартибидаги дастлабки масала юзасидан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ривожланиш ва ислоҳотлар агентлиги директори ўринбосари - Тоҳиржон Сафаров сўзга чиқди.
Кун тартибидаги масала тўлиқ кўриб чиқилди ва депутатлар томонидан маъқулланиб, қарор қабул қилинди.
Кун тартибидаги кейинги масала Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Маҳаллий ҳокимиятнинг вакиллик ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳамда давлат органларининг очиқлигини таъминлаш масалалари қўмитаси томонидан қилинаётган ишлар ҳақида ахборот тўғрисида бўлиб, Бу масала бўйича Жўқорғи Кенгеснинг қўмита раиси Ш.Отемисов сўзга чиқди.
Бу масала ҳам батафсил кўриб чиқилиб, депутатлар томонидан қарор қабул қилинди.
Кун тартибидаги кейинги масала Ўзбекистон Республикасида чорвачилик соҳаси ва унинг тармоқларини ривожлантириш бўйича 2022-2026 йилларга мўлжалланган дастурда белгиланган вазифаларнинг Қорақалпоғистон Республикасида бажарилиши бўйича Вазирлар Кенгашининг ҳисоботи тўғрисида бўлиб, бу масала бўйича Вазирлар Кенгаши Раисининг яйловлардан самарали фойдаланишни ташкил этиш, чорва озуқа базасини мустаҳкамлаш ва чорвачиликни ривожлантириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари Ф.Нурмуҳаммадов сўзга чиқди.
Бу масала ҳам батафсил кўриб чиқилди ва депутатлар томонидан қарор қабул қилинди.
Кун тартибидаги навбатдаги масала Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Саноат, қурилиш, транспорт ва ахборот технологиялари масалалари қўмитаси томонидан қилинаётган ишлари ҳақида ахборот тўғрисида бўлиб, бу масала бўйича Жўқорғи Кенгеснинг қўмита раиси И.Ниязов сўзга чиқди.
Бу масала ҳам депутатлар томонидан кўриб чиқилиб, қарор қабул қилинди.
Сессия кун тартибида ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкасига бўлган ижара ҳуқуқи ҳамда уларда қурилган бино ва иншоотларга бўлган мулк ҳуқуқи эътироф этилаётган фуқаролар рўйхатини сессия қарори билан тасдиқлаш масаласи кўриб чиқилди.
Ўзбекистон Республикасининг махсус Қонунини қўллаб, ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкасига бўлган ижара ҳуқуқи ҳамда уларда қурилган бино ва иншоотларга бўлган мулк ҳуқуқи эътироф этилаётган 6429 нафар фуқаронинг рўйхати сессия қарори билан тасдиқланди.
Сессия мажлисининг кун тартибидаги кейинги масала Жўқорғи Кенгес Президиумининг тегишли қарорларини тасдиқлаш тўғрисида бўлиб, бу масала ҳам тўлиқ кўриб чиқилди ва депутатлар томонидан махсус қарор қабул қилинди.
Шу билан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг ўн учинчи сессияси ўз ишини якунлади.






