Қўнғирот туманида янги кўп қаватли турар жой фойдаланишга топширилди

Қўнғирот тумани марказидаги «Азатлық» маҳалласида замонавий кўп қаватли турар жой биносининг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Тадбир мамлакатимиз мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли бунёдкорлик ишлари доирасида ташкил этилди.
Таъкидлаш жоизки, ҳурматли Президентимизнинг 2025 йил 1 апрелдаги 132-сонли қарори билан Қўнғирот туманини 2025–2026 йилларда жадал комплекс ривожлантириш дастури тасдиқланган. Қарорда туман марказида аҳоли яшаши ва тадбиркорлик фаолияти учун қулай шароит яратиш, шунингдек, 2026 йилдан бошлаб эски уй-жойлар ўрнида реновация асосида замонавий кўп қаватли уй-жойлар барпо этиш вазифалари белгиланган эди.
Мазкур вазифаларнинг амалий ифодаси сифатида «Азатлық» маҳалласида илгари мавжуд бўлган эски ва авария ҳолатидаги икки қаватли уйлар ўрнида 5 қаватли, 35 хонадонга мўлжалланган замонавий турар жой биноси қад ростлади.
Янги бино замонавий меъморий талабларга жавоб бериши билан бирга, ҳудуднинг қиёфасини янгилаш ва аҳоли учун қулай яшаш шароитларини яратишга хизмат қилмоқда.
Очилиш маросимида янги хонадон соҳибларига янги уй калитлар топширилди.
.jpg)
.jpg)