Шамолдан энергия олиш бўйича яна бир йирик лойиҳа иш бошлади

Яқинда ҳурматли Президентимиз томонидан мамлакатимиз бўйлаб йирик объектлар, шу жумладан, Қорақалпоғистонда ҳам 12 йирик объект ишга туширилган эди.
Бугун кенг жамоатчилик вакиллари ва нуронийлар ушбу объектлар билан яқиндан танишди.
Дастлаб, Беруний тумани ҳудудида амалга оширилган 200 МВт қувватга эга шамол электр станцияси ва 100 МВтлик сақлаш тизимини қуриш бўйича «Нукус-2» лойиҳаси бориб кўрилди.
Унда Жўқорғи Кенгес Раиси Аманбай Орынбаев янги қувватнинг ишга туширилиши ҳурматли Президентимиз раҳбарлигида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг амалий ифодаси эканлигини таъкидлаб, бунинг учун давлатимиз раҳбарига миннатдорчилигини билдирди.
Таъкидлаш жоизки, республикамиз ҳудуди шамол электр станцияларини қуриш учун қулай жойлардан бири ҳисобланиб, бу эса имкониятлар манбаи сифатида хизмат қилади. Юртимиз станция учун энг зарур, деярли тўхтамайдиган шамоли билан ажралиб туради ва катта салоҳиятга эга. Шамол станцияси қурилиб, фойдаланишга топширилиши яшил энергетикани ривожлантириш борасидаги муҳим ташаббуслардан бири бўлди.
Саудия Арабистонининг АCWА Power компанияси томонидан амалга оширилган ушбу лойиҳа Ўзбекистоннинг кам углеродли энергия келажагига ўтиш йўлидаги муҳим қадамдир. Лойиҳа шамол энергиясини аккумулятор асосидаги энергия сақлаш тизими билан бирлаштириб, электр тармоғи барқарорлиги ва энергия таъминоти ишончлилигини оширади.
Энг муҳими, ушбу лойиҳа ишга туширилиши орқали халқимиз ва иқтисодиёт тармоқларини барқарор энергия билан таъминлаш имконияти яратилди.


.jpg)
.jpg)