Президентимиз томонидан берилган мукофотлар ўз эгаларига топширилди

Яқинда ҳурматли Президентимиз Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистон Республикасига ташриф буюрган эди. Қорақалпоғистонга ташрифи доирасида «Coals KS» корхонаси фаолияти билан танишиш жараёнида Анвар Шукуровни изланувчанлик ва ташаббускорлик фазилатлари билан кенг тармоқли тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиб, кўплаб муҳим инвестиция лойиҳаларини муваффақиятли амалга ошириб келаётгани учун «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ихтирочи ва рационализатор» фахрий унвони билан тақдирлаш ҳақида топшириқ берди.
Шунингдек, Нукус тумани «Дийқан арна» маҳалласида асаларичилик билан шуғулланиб келаётган Жубаев Бахтиёрнинг хонадонида бўлди ва мамлакатимизда тадбиркорларга яратилган кенг имкониятлардан самарали фойдаланиб, ўзининг изланувчанлиги ва ишбилармонлиги билан юртимизда асаларичиликни ривожлантириш, жамиятда ўзаро ҳамжиҳатлик ва меҳр-оқибат муҳитини мустаҳкамлашдаги хизматларини эътироф этди ҳамда меҳнаткаш тадбиркорни «Дўстлик» ордени билан тақдирлаш бўйича топшириқ берди.
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Раиси Аманбай Орынбаев ҳурматли Президентимизнинг махсус фармонлари асосида Шукуров Анвар Исматовичга «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ихтирочи ва рационализатор» фахрий унвонини, Жубаев Бахтияр Тайлаковичга «Дўстлик» орденини топширди.
Унда йиғилганлар ушбу берилган мукофотлар ҳурматли Президентимизнинг халқимизга бўлган алоҳида эътибори ва ғамхўрлигининг яна бир ифодаси эканини таъкидлаб, давлатимиз раҳбарига чексиз миннатдорлигини билдирди.

