Хўжайли туманида Ёшлар ижтимоий-иқтисодий маркази қурилиш ишлари бошланди

Ҳурматли Президентимизнинг Қорақалпоғистонга бўлган ташрифи давомида Қорақалпоғистонда 47 та янги лойиҳага старт берилган эди. Бугун Хўжайли туманида ушбу лойиҳалардан бири, яъни Ёшлар ижтимоий-иқтисодий маркази қурилиш ишлари бошланишига бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди.
Унда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Раиси Аманбай Орынбаев сўзга чиқиб, янги лойиҳа бошланиши муносабати билан йиғилганларни табриклади.
Таъкидланганидек, Нукус шаҳридан 8 километр, Хўжайли тумани марказидан 5 километр узоқликда жойлашган мазкур лойиҳанинг умумий майдони 152 гектарни ташкил этиб, бу ерда нафақат уй-жойлар, балки замонавий шаҳарча барпо этиш режалаштирилган.
Хусусан, болалар боғчаси, мактаб, шифохона, савдо объектлари, меҳмонхона, спорт мажмуаси ва дам олиш зоналари барпо этилиши кўзда тутилган. Шаҳарчада жами 221 та кўп қаватли уй қурилиб, натижада 47 мингдан зиёд аҳолини шинам уй-жой билан таъминлаш имконияти яратилади.
Бугунги тадбирда ушбу улкан лойиҳанинг биринчи босқичига старт берилиб, унда хитойлик инвесторлар томонидан 7 қаватли 38 та уй, 3 та савдо мажмуаси, шунингдек, бетон маҳсулотлари ва бошқа ишлаб чиқариш корхоналари қурилиши режалаштирилган.
Албатта, бу янги лойиҳа самарали амалга оширилиб, халқимиз фаровонлиги йўлида хизмат қилади.






.jpg)
