«Ўзбекистон - ягона Ватан!» мавзусида конференция бўлиб ўтди

Жорий йилнинг 28 сентябрь куни Тошкент шаҳридан йўлга чиққан «Дўстлик» поезди республикамизда яшаётган турли миллат вакилларини Қорақалпоғистон Республикасига жамлади.
Шу муносабат билан 29 сентябрь куни Нукус шаҳридаги «Оққуш» мажмуасида «Ўзбекистон - ягона Ватан!» шиори остида юртимиздаги барча миллат ва элат вакилларининг ўзаро тенглиги, ҳамжиҳатлиги ҳамда Янги Ўзбекистон тараққиётига қўшаётган ҳиссасини эътироф этишга бағишланган конференция ўтказилди.
Унда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Раиси Аманбай Орынбаев сўзга чиқиб, йиғилганларни тадбирнинг очилиши муносабати билан табриклади.
Конференцияда Миллатлараро муносабатлар қўмитаси, Республика Маънавият ва маърифат маркази, «Ватандошлар» жамоат фонди, хорижий давлатларнинг миллатлараро муносабатлар бўйича махсус ташкилотлари ва бошқа ташкилотлар мутасаддилари, шунингдек, миллий маданий марказлар фаоллари ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Асосий мақсади жамиятимизда миллатлараро тотувлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, турли миллат вакилларини ягона Ватан туйғуси атрофида бирлаштириш, уларнинг мамлакатимиз ижтимоий ва маданий ҳаётида фаол иштирок этишини қўллаб-қувватлашдан иборат бўлиб, давлатимизнинг асосий бойлиги кўп миллатли халқимиз ва тинчлигимиз экани алоҳида таъкидланди.
Конференцияда миллати, тили ва маданиятидан қатъи назар, ҳар бир инсоннинг мамлакатимиз тараққиётига дахлдорлигини кучайтириш, ўзаро ҳурмат ва тенглик тамойилларини қарор топтириш, маданий хилма-хилликни асраб-авайлаш масалаларига эътибор қаратилди.
Албатта, «Ўзбекистон - ягона Ватан!» ғояси асосида ўтказилган ушбу конференция Ватанга садоқат туйғусини мустаҳкамлаш, тинчлик ва тотувликни қадрлаш, мамлакат тараққиёти йўлида ҳамжиҳатликни кучайтиришга хизмат қилди.

.jpg)


.jpg)

.jpg)

.jpg)