Устюртнинг катта чуқурликдаги қатламлари ўрганилади

Президент Шавкат Мирзиёев нефть ва газ тармоғида амалга оширилаётган йирик лойиҳалар юзасидан тақдимот билан танишди.
Унда Истиқболли майдонларни, айниқса Устюртнинг катта чуқурликдаги қатламларни ўрганиш, янги конларни ўзлаштириш ҳамда мавжуд қудуқлар самарадорлигини ошириш бўйича режалар тақдимот қилинди.
Ушбу мақсадларда бурғилаш ишларини янги босқичга олиб чиқиш, жараёнларга замонавий технологик ечимларни олиб кириш муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.
Шу сабабли ҳозирда Устюрт ҳудудида хорижий ҳамкорлар билан биргаликда янги қудуқларни бурғилаш, геофизик маълумотларни қайта таҳлил қилиш ҳамда газ қазиб олиш самарадорлигини ошириш юзасидан бир қатор самарали лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Давлатимиз раҳбари геология-қидирув ва бурғилаш ишлари натижадорлигини ошириш, йирик лойиҳаларни пухта ҳисоб-китоб ва аниқ молиялаштириш манбалари асосида олиб бориш, тармоқ корхоналари фаолиятида самарадорликка алоҳида эътибор бериш юзасидан масъулларга тегишли кўрсатмалар берди.