«Қорақалпоғистон Республикасида Осиё Тараққиёт банки кунлари» медиа-миссияси бошланди

Ҳурматли Президентимизнинг Қорақалпоғистон учун алоҳида қабул қилинган 10-сонли фармонида Осиё Тараққиёт Банки билан «иқтисодий ўсиш йўлаги» ёндашуви асосида Қорақалпоғистон Республикасини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқиш бўйича меморандумни имзолаш вазифаси белгиланган эди.
Белгиланган топшириқлар ижроси доирасида жорий йилнинг 14-16 октябрь кунлари Осиё Тараққиёт Банкининг (ОТБ) Ўзбекистондаги ваколатхонаси билан ҳамкорликда «Қорақалпоғистон Республикасида Осиё Тараққиёт Банки кунлари» медиа-миссияси ўтказилмоқда.
Миссия доирасида Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетида учрашув ўтказилди.
Унда Осиё Тараққиёт Банкининг Ўзбекистондаги доимий ваколатхонаси раҳбари Канокпан Лао-Арая, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг ўринбосарлари А.Шамуратов ва А.Кайпназаровлар иштирок этди.
Тадбирда бугунги кунда юртимизда халқимизнинг фаровон ҳаётини таъминлаш, инфратузилма билан боғлиқ муаммоларга ечим топиш борасида кенг кўламли чора-тадбирлар давом эттирилиб, бунда Осиё тараққиёт банки иштирокида амалга оширилаётган йирик лойиҳалар муҳим аҳамият касб этаётгани таъкидланди.
Шунингдек, бундай лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш борасида бундан буён ҳам яқин шериклик муносабатлари давом эттирилиши алоҳида тилга олинди.
Ўтказилган тадбир доирасида Қорақалпоғистон Республикасини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга кўмаклашиш борасида муҳим меморандум имзоланди.



.jpg)