Ҳурматли ватандошлар, қадрли футбол мухлислари!

Сизларни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва Вазирлар Кенгаши номидан "Арал" футбол клубимизнинг муддатидан олдин Про Лига ғолиблигини қўлга киритгани ҳамда Суперлигага йўлланма олгани муносабати билан самимий табриклаймиз.
Албатта, 25 йиллик танаффусдан сўнг жамоамизнинг Суперлигага қайтиши ҳурматли Президентимизнинг эътибори, янгиланган Турон стадионининг фойдаланишга топширилиб, унда давлатимиз раҳбарининг шахсан ўзи келиб футболчиларимиз билан учрашиши, шунингдек, Администрация раҳбарининг қўллаб-қувватлаши, шу жумладан юқори даражадаги тайёргарлик, фидокорона қилинган меҳнатларнинг меваси бўлди.
Ўтган 23 тур давомида жамоамиз ўзининг жонкуяр мухлислари учун юқори даражадаги тайёргарлиги билан муносиб ўйин намойиш этди. Бугун яна бир умидли жамоамиз "ҚМУ Жайхун" устидан эришилган ғалабаси билан муддатидан олдин кубокни нақд қила олди.
Албатта, жамоамиз олдиндаги Суперлига ўйинларида ҳам муваффақиятли иштирок этиб, ўз мухлислари учун муносиб ўйин кўрсатишини тилаб қоламиз.
Ҳурматли ватандошлар!
Сизларни яна бир бор жамоамизнинг Суперлигага муддатидан олдин чиқиши ва Про Лига кубогини қўлга киритиши муносабати билан самимий табриклаймиз.
Жамоамизнинг зафарли юришлари бундан кейин ҳам бардавом бўлсин!
Аманбай Орынбаев
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Раиси