Қорақалпоғистонга грант маблағларини жалб қилиш бўйича музокаралар олиб борилди
.jpg)
Италиянинг Рим шаҳрида ушбу давлатнинг нуфузли молиявий институти ҳисобланган «Cassa Depositi e Prestiti» (CDP) миллий тараққиёт институти бош қароргоҳида расмий икки томонлама учрашув ташкил этилди.
Унда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ҳузуридаги Ташқи беғараз кўмак маблағларини (грантларни) жалб қилиш ва донорлар билан ишлаш маркази директори К.Идирисов бошчилигидаги делегация иштирок этди.
Мулоқот CDP институтининг Дипломатик алоқалар ва халқаро тармоқлар бўлими раҳбари Жоржа Прелаз ҳамда Халқаро тараққиётни молиялаштириш департаментининг бир қатор масъул вакиллари билан олиб борилди.
Унда Оролбўйи минтақасида яшил иқтисодиёт, барқарор ривожланиш, қишлоқ хўжалигига замонавий инновацияларни жорий этиш ҳамда экологик ҳолатни яхшилашга қаратилган истиқболли лойиҳа ташаббуслари тақдим этилиб, келгусида грант маблағларини жалб этишнинг устувор йўналишлари белгилаб олинди.

