Қорақалпоғистонда бугун ҳақиқий футбол байрами кенг турда нишонланмоқда

Турон стадионида «Арал» футбол жамоамиз Про Лига ўйинларида муддатидан олдин чемпионликни қўлга киритиб, Суперлигага йўлланма олгани, шунингдек, «Арал-W» қизлар жамоасининг Биринчи Лигада чемпион бўлиб, Олий Лигага чиққани муносабати билан Кубокларни топширишга бағишланган тантанали тадбир ўтказилди.
Дастлаб, Про Лиганинг навбатдаги 25-тури доирасида «Арал» «Ғазалкент» футбол клубига қарши майдонга тушиб, ўйин якунида 2:0 ҳисобида ғалаба қозонди.
Таъкидлаш жоизки, сўнгги йилларда ҳурматли Президентимиз томонидан Қорақалпоғистонда футболни ривожлантиришга қаратилаётган алоҳида эътибор бугун ўзининг кутилган натижасини бермоқда.
25 йиллик танаффусдан сўнг «Арал» жамоамиз муддатидан олдин чемпионликни қўлга киритиб, Суперлигага қайтгани бунинг яққол ифодаси бўлди. Қизлар жамоамиз ҳам ўз тарихида биринчи марта Биринчи Лига ғолиблиги ва Олий Лига йўлланмасини муддатидан олдин қўлга киритди.
Албатта, бу натижалар ортида Президентимизнинг қўллаб-қувватлаши, «Туран» стадионининг янгиланиб, фойдаланишга топширилиши, спортчиларимиз учун моддий-техник базанинг мустаҳкамлангани ва футболчиларимизнинг тинимсиз меҳнатлари турибди.
Турон стадионида тантанали равишда Кубоклар топширилди ва халқимиз, футбол мухлислари билан бирга кенг турда нишонланди.
Бундан сўнг, Нукус шаҳридаги сўлим жойлардан бирида, футболчиларимиз, уларнинг мураббийлари ва соҳа вакиллари муносиб тақдирланди.