Қорақалпоғистон спортчилари – юксак натижалар сари: ёшларимиздан 66 та медаль!

Тошкент шаҳрида ўтказилган II Президент олимпиадаси спорт мусобақалари ўз ниҳоясига етди. 12 кун давомида мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан 3 657 нафар ёш атлет 26 та спорт тури бўйича ғолиблик учун баҳс олиб борди.
«Олимпия шаҳарчаси»да мусобақалар якунига бағишланган тантанали ёпилиш маросими бўлиб ўтди. Унда мусобақа давомида юқори натижаларга эришган спортчилар ҳамда муносиб иштирок этган ҳудудлар тақдирланди.
Қувонарлиси, Қорақалпоғистон Республикаси ҳам спорт турлари географиясини кенгайтиришга қўшаётган ҳиссаси учун алоҳида эътироф этилди. Бу эътироф замирида ҳудудда спортни оммалаштириш, унинг турли йўналишларини нафақат шаҳар ва туман марказларида, балки энг чекка қишлоқ ва овулларгача етказиш борасида амалга оширилаётган ишлар мужассам. Натижада ёшлар учун спорт билан шуғулланиш имкониятлари кенгайиб, янги иқтидорлар кашф этилмоқда.
Шунингдек, олимпиадада Қорақалпоғистон Республикаси спортчилари 16 та олтин, 24 та кумуш ва 26 та бронза медалини қўлга киритиб, умумжамоа ҳисобида 6-ўринни эгаллади.
Ўтган йили 14-ўринни эгаллаган Қорақалпоғистон жамоаси бу йил 6-ўринга кўтарилиб, натижасини сезиларли даражада яхшилади.
Бу – ҳурматли Президентимизнинг алоҳида эътибори билан ёш спортчиларимизнинг интилиши, мураббийларимизнинг фидокорона меҳнати ва ҳудудимизда спортни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар самарасидир.