Fitch Ratings: Қорақалпоғистон – иқтисодиёти энг жадал ривожланаётган ҳудудлардан бири
.jpg)
Қорақалпоғистон Республикасининг иқтисодий салоҳияти, молиявий барқарорлиги ва инвестициявий жозибадорлигига халқаро миқёсда яна бир муҳим баҳо берилди. Илк бор нуфузли халқаро рейтинг агентлиги – Fitch Ratings Қорақалпоғистон Республикасининг хорижий ва миллий валютадаги узоқ муддатли кредит рейтингини “BB-” даражасида, рейтинг прогнозини эса “Барқарор” деб белгилади.
Мазкур баҳолаш ҳудуднинг иқтисодий ривожланиш суръатлари, молиявий имкониятлари ва келгусидаги тараққиёт истиқболларига халқаро молия экспертлари томонидан берилган муҳим эътироф ҳисобланади.
❗️Fitch Ratings таҳлилларида Қорақалпоғистон Ўзбекистоннинг жадал ривожланаётган ҳудудларидан бири сифатида қайд этилган. Шунингдек, ҳудуднинг молиявий профили “аа” даражасида баҳоланган.
Таъкидлаш жоизки, 2026 йилда Қорақалпоғистон иқтисодиёти энг тез ўсаётган ҳудудлардан бирига айланди. Йилнинг биринчи ярмида иқтисодий ўсиш 10,2 фоизни ташкил этиб, бу кўрсаткич бўйича республика Тошкент шаҳридан кейинги иккинчи ўринни эгаллади.
Эришилаётган бундай натижалар мамлакатимизда, хусусан, Қорақалпоғистонда муҳтарам Президентимиз раҳбарлигида амалга оширилаётган кенг кўламли иқтисодий ислоҳотлар, ҳудуднинг ишлаб чиқариш ва тадбиркорлик салоҳиятини ошириш, инвестицияларни жалб этиш ҳамда молиявий барқарорликни мустаҳкамлашга қаратилган изчил чора-тадбирларнинг самараси билан чамбарчас боғлиқ.
Халқаро кредит рейтингининг “BB-” даражасида қайд этилиши қандай имкониятларни англатади?
Аввало, бу халқаро инвесторлар ва молия институтлари учун ҳудуднинг иқтисодий ҳолати, молиявий интизоми ва ривожланиш истиқболлари тўғрисида муҳим ахборот манбаи ҳисобланади. Рейтингнинг “Барқарор” прогноз билан белгиланиши эса мавжуд иқтисодий ва молиявий кўрсаткичларнинг яқин истиқболда барқарор сақланиши кутилаётганини англатади.
Бундай халқаро баҳолаш Қорақалпоғистонда инвестициявий муҳитни янада яхшилаш, молиявий ресурслардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш, янги лойиҳаларни амалга ошириш, ишлаб чиқариш қувватларини ошириш ҳамда қўшимча иш ўринларини яратиш учун муҳим замин бўлиб хизмат қилади.
Энг муҳими, мазкур натижа Қорақалпоғистоннинг иқтисодий тараққиёт йўлидаги изчил ҳаракатлари халқаро миқёсда ҳам эътироф этилаётганидан далолат беради.