Жўқорғи Кенгес Раиси тадбиркор ёшлар билан учрашди

«Пайшанба – ёшлар куни» доирасида бугун Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Раиси Аманбай Орынбаев Нукус шаҳрида фаол ва ташаббускор, шунингдек, маҳаллаларда тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётган ёшлар билан учрашди.
Учрашувда ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг ташаббусларини рўёбга чиқариш ва тадбиркорлик фаолиятини кенгайтириш борасида яратилаётган имкониятлар ҳақида сўз юритилди. Хусусан, Президентимиз томонидан Қорақалпоғистонни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга, шу жумладан, ёшларнинг бандлигини таъминлаш ва уларнинг бизнес лойиҳаларини қўллаб-қувватлашга қаратилаётган алоҳида эътибор таъкидланди.
Шунингдек, яқинда қабул қилинган ПҚ-393-сонли қарорда белгиланган имтиёз ва имкониятлар, улардан ёшлар манфаати йўлида самарали фойдаланиш масалалари юзасидан маълумот берилди.
Мулоқот давомида ёшлар ўзларини қийнаётган муаммолар ва таклифларини очиқ баён этди. Хусусан, тадбиркорлик лойиҳаларини амалга ошириш учун банк кредитларини ажратиш, кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш, фаолият юритиш учун бино ва иншоотлар ажратиш, шунингдек, стартап лойиҳаларни бошлашда юзага келаётган масалалар кўтарилди.
Ҳар бир мурожаат ва таклиф кўриб чиқилиб, уларнинг ечимини топиш бўйича тегишли масъулларга аниқ вазифалар юклатилди. Айрим масалалар юзасидан жойида амалий чоралар кўриш, қолганларини эса белгиланган тартибда ҳал этиш бўйича топшириқлар берилди.
Учрашув якунида ёшлар билан мулоқотни изчил давом эттириш, уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва тадбиркорлик фаолиятидаги тўсиқларни бартараф этиш зарурлиги таъкидланди. Берилган топшириқлар ижроси алоҳида назоратга олинди.

.jpg)


.jpg)
.jpg)