Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони Ўзбекистон Республикасида туризм инфратузилмасини яхшилаш ва хорижий туристлар оқимини янада оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида
Мамлакатимиз ҳудудларида янги туризм индустрияси объектларини кўпайтириш орқали қулай саёҳат қилиш учун зарур шарт-шароитлар яратиш, жаҳон бозорида миллий туризм маҳсулотларини фаол тарғиб қилишнинг замонавий механизмларини жорий қилиш, ички туризм имкониятларини янада кенгайтириш, транспорт логистикасидаги мавжуд муаммоларни ҳал этиш, шунингдек, соҳага тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб қилиш мақсадида:
1. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ, туризм соҳасида қулай тадбиркорлик муҳитини яратиш ва туризм хизматлари экспортини кенгайтириш мақсадида:
а) 2024 йил 1 сентябрдан бошлаб кириш туризми фаолиятини амалга оширувчи Ўзбекистон Республикаси резиденти бўлган туроператорларни хорижий мамлакатлардан республикага туристларни олиб келишда айланма маблағ билан таъминлаш учун Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси томонидан республика тижорат банклари орқали 50 миллион АҚШ доллари эквивалентида миллий валютада йиллик 14 фоиз ставкада кредит линияси очилади. Бунда:
тижорат банклари томонидан Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси ресурслари ҳисобидан ажратиладиган кредитлар бўйича белгиланган йиллик фоиз ставкаси таркибида банк маржаси 3 фоиздан ошмаган миқдорда ўрнатилади;
кредит маблағлари туроператорларга 2 йиллик имтиёзли давр (фоиз ва асосий қарздан) билан 10 йил муддатга ажратилади;
Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси томонидан тижорат банкларига ресурслар 3 йиллик имтиёзли давр билан 12 йил муддатга ажратилади;
б) 2025 йил 1 августга қадар Қорақалпоғистон Республикасида рўйхатга олиниб, лицензияга эга бўлган туроператорларга, истисно тариқасида, экстремал турларни ташкил қилиш учун двигатель ҳажми 2,4 литрдан кам бўлмаган юқори ўтиш қобилиятига эга транспорт воситалари импорт қилинаётганда божхона божи ва утилизация йиғимини амалдаги ставканинг 25 фоизи миқдорида 3 йил муддатга бўлиб-бўлиб тўлашга рухсат этилади.
Бунда, ушбу транспорт воситаси импорт қилинган кундан бошлаб 3 йил давомида Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудидан ташқарида фойдаланилганлиги, бошқа шахсларга сотилганлиги ёки ўтказилганлиги ёхуд ижарага берилганлиги аниқланган тақдирда, божхона божи ва утилизация йиғими тўлиқ ҳажмда импорт қилган шахсдан ундириб олинади;
в) 2025 йил 1 августга қадар туризм соҳасида фаолият юритувчи тадбиркорлик субъектлари томонидан импорт қилинадиган автобус ва микроавтобуслар божхона божидан озод этилади. Бунда:
мазкур имтиёзлар Ўзбекистон Республикаси божхона ҳудудига олиб кирилаётган янги ишлаб чиқарилган, «Евро-5» ва ундан юқори экологик тоифа талабларига мос келадиган автобус ва ҳайдовчидан ташқари саккиз ва ундан ортиқ ўриндиқларга эга бўлган микроавтобуслар учун тақдим этилади;
импорт қилинган автобуслар ва микроавтобуслар импорт қилинган кундан бошлаб 3 йил давомида бошқа шахсга сотилган ёки ўтказилган ёхуд ижарага берилган тақдирда, тақдим этилган имтиёзлар бекор қилинади ҳамда божхона божи белгиланган тартибда тўлиқ ҳажмда импорт қилган шахсдан ундириб олинади;
г) Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузуридаги Туризм қўмитаси (кейинги ўринларда — Туризм қўмитаси) томонидан рўйхати шакллантириладиган халқаро туризм ярмаркалари ва кўргазмаларида туризм соҳасидаги тадбиркорлар, ҳунармандлар, маданият ва санъат вакиллари иштирок этади. Бунда, 2025 йил 1 январдан бошлаб:
халқаро туризм ярмарка ва кўргазмалари учун Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетидан 1 миллиард сўмдан кам бўлмаган маблағлар ажратилади;
фаолият бошлаганига 3 йилдан кўп бўлмаган туроператорларнинг халқаро туризм ярмарка ва кўргазмаларидаги павильон ижараси харажатининг 50 фоизи Туризм қўмитасининг бюджетдан ташқари Туризмни қўллаб-қувватлаш жамғармаси (кейинги ўринларда — Жамғарма) маблағлари ҳисобидан қоплаб берилади;
ҳунармандларнинг халқаро туризм ярмаркалари ва кўргазмаларидаги павильон ижараси, уларда намойиш этиладиган маҳсулотларини ташиш ва авиачипта харажатларининг 50 фоизи Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳузуридаги Ҳунармандчилик ва касаначиликни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан қоплаб берилади.
Туризмни ривожлантириш бўйича республика жамоатчилик кенгаши (кейинги ўринларда — Республика кенгаши) таркиби 1-иловага мувофиқ;
Туризмни ривожлантириш бўйича маҳаллий жамоатчилик кенгашларининг (кейинги ўринларда — маҳаллий кенгаш) намунавий таркиби 2-иловага мувофиқ;
Хорижий ва маҳаллий туристлар оқимини янада ошириш бўйича «йўл харитаси» 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
3. Туризм қўмитасининг Ўзбекистон Республикасининг туризм маҳсулотини халқаро ва ички туризм бозорларида тарғиб қилиш, саёҳат ва дам олиш учун хавфсиз мамлакат сифатидаги имижини янада мустаҳкамлашга қаратилган қуйидагиларни назарда тутувчи янги миллий туризм брендини (танитиш белгиси) яратиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин:
маркетинг ва брендинг консалтинг компанияларини жалб қилган ҳолда Ўзбекистон Республикасининг янги миллий туризм бренди (кейинги ўринларда — туризм бренди)ни ишлаб чиқиш;
туризм брендининг мақсадли бозорлар (аудитория) талабларидан келиб чиқиб, хорижий мамлакатларда Ўзбекистоннинг тарихий, маданий, гастрономик, тиббий ва соғломлаштириш, археологик, экологик ва экстремал каби туризмнинг турлари тўғрисида контентлар яратиш;
замонавий маркетинг технологияларидан, шу жумладан халқаро медиа ва ижтимоий платформалар, бутунжаҳон спорт, маданият ва санъат тадбирлари майдонидан фойдаланган ҳолда туризм брендини тарғиб қилиш тизимини яратиш.
2024 йил Халқаро туризм куни доирасида биринчи глобал сайёҳлик медиакампусини ташкил қилсин;
2024-2025 йилларда аудиторияси 10 миллиондан ортиқ бўлган 50 нафаргача хорижий журналист, блогер, влогер ва инфлюэнсерларни жалб қилсин.
а) Ўзбекистон Республикаси резиденти бўлган туроператорларнинг ўз маҳсулотларини тарғиб қилиш мақсадида республикага олиб келган машҳур хорижий блогерларнинг (аудиторияси 1 миллиондан кам бўлмаган) яшаш харажатлари Жамғарма маблағлари ҳисобидан қоплаб берилади.
Бунда, машҳур блогерларни олиб келиш бўйича сарф-харажатлар сметаси Туризм қўмитаси билан олдиндан келишилади;
б) Республика кенгаши ҳар чоракда камида бир маротаба, маҳаллий кенгашлар ҳар ойда бир маротаба туризм соҳаси субъектлари фаолияти, туризм инфратузилмаси ва транспорт логистикаси соҳаларида вужудга келаётган муаммоларни кўриб чиқиб, уларни бартараф қилиш ва мавсум олди тайёргарлик кўриш ҳамда олдиндан хабар бериш тартиби асосида фаолият юритади;
в) 2025 йил 1 январдан бошлаб камида 100 нафар хорижий иштирокчиси бўлган уч кундан кам бўлмаган бизнес тадбирларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ташкил қилган тадбиркорлик субъектлари 2028 йил 1 январгача ушбу бизнес тадбирларни ташкил қилишдан олинган даромаддан олинган фойда солиғини ушбу солиқ бўйича белгиланган солиқ ставкасига нисбатан 50 фоизга камайтирилган солиқ ставкаси бўйича тўлайди.
бир ой муддатда миллий туризм делегацияси иштирок этиши лозим бўлган кўргазмалар рўйхатини қайта кўриб чиқиб, Вазирлар Маҳкамасига тасдиқлаш учун киритсин;
уч ой муддатда фаолият бошлаганига 3 йилдан кўп бўлмаган туроператорларнинг халқаро туризм ярмарка ва кўргазмаларидаги павильон ижараси харажатининг 50 фоизини Жамғарма маблағлари ҳисобидан қоплаб бериш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқиб, Вазирлар Маҳкамасига киритсин;
Маданият вазирлиги «Ҳунарманд» уюшмаси билан биргаликда 2024 йил 1 декабрга қадар хорижий мамлакатлар кесимида халқаро туризм кўргазмаларида намойиш қилиш учун маданий, гастрономик ва ҳунармандчилик контентини ишлаб чиқсин.
7. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари 2025 йилдан бошлаб ҳар йили халқаро туризм ярмаркалари ва кўргазмалари учун маҳаллий бюджетдан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар халқ депутатлари кенгашларига тақдимнома киритган ҳолда 1 миллиард сўмдан кам бўлмаган маблағлар ажратиб бориш чораларини кўрсин.
8. Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги икки ой муддатда халқаро фестивалларда қатнашадиган ҳунармандларга павильон ижараси, уларда намойиш этиладиган маҳсулотларини ташиш ҳамда авиачипта харажатларининг 50 фоизини Ҳунармандчилик ва касаначиликни қўллаб-қувватлаш жамғармасидан қоплаб бериш тартибини назарда тутувчи қарор лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига тасдиқлаш учун киритсин.
9. Вазирлар Маҳкамаси (Ж. Қўчқоров, Ж. Ходжаев) икки ой муддатда туроператорларга айланма маблағ учун экспорт олди молиялаштиришга 50 миллион долларгача ресурс ажратиш ва уни мақсадли ишлатиш тартибини жорий этиш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини киритсин.
10. Туризм қўмитаси Стратегик ислоҳотлар агентлиги билан биргаликда 2024 йил 1 декабрга қадар илғор хорижий тажрибани ўрганган ҳолда «Мавжуд туризм маҳсулотларини тақдим этиш» моделидан «Мижозга нима керак» моделига ўтишнинг қисқа муддатли концепциясини ишлаб чиқсин.
Бунда, сайёҳларнинг фикрини ўрганиш мақсадида халқаро аэропортлар, чегара ўтказиш пунктлари ва туризм намойиши объектларида QR-код асосида сўровлар ўтказиб борилиши назарда тутилади.
11. Транспорт вазирлиги, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Рақамли технологиялар вазирлиги 2024 йил 1 декабрга қадар юртимиздаги барча авиа, темир йўл ва автобус қатновлари ҳақида маълумот ва чипта олиш имконини берадиган ягона онлайн платформани ишга туширсин.
авиа, темир йўл ва автобус чипталарини табақалаштирилган нархларда камида олти ой олдин савдога чиқариш тизимини жорий қилсин;
Наврўз умумхалқ байрами, Мустақиллик куни, Янги йил байрами ва Рамазон ҳайити (Ийд ал-Фитр) ҳамда Қурбон ҳайити (Ийд ал-Адҳа) диний байрамларини нишонлаш даврида республика ҳудудларини боғловчи қўшимча авиа, темир йўл ва автобус қатновларини йўлга қўйсин;
Туризм қўмитаси билан биргаликда маҳаллий ва хорижий фуқароларни транспорт ва туризм соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлардан хабардор қилиш мақсадида амалга оширилаётган тадбирлар, жумладан, очилаётган янги рейслар, рейслардаги юкламалар, шакллантирилаётган янги авиа ва темир йўл маршрутлари тўғрисида маълумотларни мунтазам равишда оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда ёритиб борсин.
13. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 8 июлдаги «Ҳудудларнинг иқтисодий салоҳиятини рўёбга чиқариш ва бўш ер участкаларидан самарали фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-245-сон қарорининг 3-иловаси билан мастер-режалар ишлаб чиқиладиган 20 та туман (шаҳар)ларнинг рўйхати тасдиқланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
Белгилансинки, мастер-режалар ишлаб чиқиладиган ҳудудларда ер участкаларини сотишдан тушган маблағлар биринчи навбатда Жамғарма харажатларини қоплашга йўналтирилади.
14. Иқтисодиёт ва молия вазирининг ўринбосари С. Саъдуллаев мастер-режалар ишлаб чиқиладиган 20 та туман (шаҳар) ҳудудларида инфратузилмани ривожлантириш билан боғлиқ масалаларни молиялаштириш учун масъул этиб белгилансин.
15. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги мастер-режалар ишлаб чиқиладиган 20 та туман (шаҳар) ҳудудларида муҳандислик-коммуникация тармоқларини яхшилаш учун:
2024 йил 31 декабрга қадар Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетидан 100 миллиард сўм ажратсин;
2025 йил учун Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш бўйича давлат дастурида 132 миллиард сўм ажратиш кўзда тутилишини таъминласин.
16. Туризм қўмитаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан биргаликда уч ой муддатда бизнес туризмини (MICE) ривожлантириш учун янада қулай муҳит яратишга қаратилган норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқиб, Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
17. Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги, Транспорт вазирлиги, Мудофаа вазирлиги бир ой муддатда Мўйноқ ва Паркент туманларида экстремал туризмни ривожлантириш дастурини ишлаб чиқиб, Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
18. Вазирлар Маҳкамаси (Ж. Қўчқоров), Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги икки ой муддатда кичик бизнесга тайёр жойни қуриб таклиф қилиш тизимини яратиш бўйича таклифларни киритсин.
19. Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига 4-иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.
20. Мазкур Фармоннинг ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ж.А. Қўчқоров ҳамда экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири А.А. Абдухакимов белгилансин.