Жўқорғи Кенгес Раиси Аманбай Орынбаевнинг Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз беш йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқи

Ассалому алайкум, Азиз Ватандошлар!
Энг аввало, Сизларни ва Сизлар орқали гуллаб-яшнаган халқимизни юртимиз тарихидаги қутлуғ сана, энг улуғ ва энг азиз айём - Мустақиллигимизнинг 35 йиллик байрами билан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва Вазирлар Кенгаши номидан самимий табриклаб, юртимизнинг янада равнақ топиши ва халқимизнинг фаровон ҳаёти йўлидаги барча эзгу ишларингизда улкан зафарлар тилашга ижозат бергайсиз!
Қадрли дўстлар!
Фахр билан айтишимиз керак, юртимизнинг ўзига хос тараққиётига кенг йўл очиб берган, эркин ва фаровон ҳаётимизнинг тимсоли бўлган Мустақиллик – бизнинг энг катта бебаҳо бойлигимиз, миллий ғуруримиз ва ёруғ келажагимизнинг ишончли кафолатидир.
Шунинг учун ҳам, бу қутлуғ сана халқимизни янгидан-янги ютуқларга етакловчи ва улуғ бунёдкорлик ишларига руҳлантирувчи байрам сифатида ҳар йили бутун элимиз давомида кенг тарзда ва катта қувонч билан нишонланади.
Муҳими, бу йилги байрам тадбирлари Муҳтарам Президентимизнинг махсус қарори асосида «Бир Ватан, бир халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак қурамиз!» деган чуқур маъноли ғоя остида ўтказилиши кўп миллатли халқимизни - она Ватанимизни янада ривожлантириш йўлида бирлаштириб, барчамизни эзгу ишларга руҳлантирмоқда.
Албатта, ўттиз беш йил - тарих учун қисқа давр бўлиши мумкин. Бироқ, Янги Ўзбекистонимизда яшаётган ҳар бир инсон учун ўзлигимизни англаш, миллий қадриятларимизни улуғлаш, асрларга татигулик тараққиёт ва янгиланишлар даври бўлди, десак янглишмаймиз.
Дарҳақиқат, сўнгги йилларда юз берган тарихий воқеаларга назар ташлайдиган бўлсак, ҳурматли Президентимизнинг ташаббуси ҳамда Президент Администрацияси Раҳбарининг қўллаб-қувватлаши билан миллий меросимизнинг сара намуналари Қўбиз ясаш, жировчилик санъати ҳамда Қора уй ЮНЕСКО рўйхатига олинганини, пойтахтимизда қад ростлаган дунёдаги энг катта Қора уй «Гиннеснинг рекордлар китоби»га киритилгани, шу ерда «Оролбўйи - нафақат экологик ҳудуд, балки, улкан маданият маркази» деган ғояни ўзида мужассам этган «Орол маданияти саммити»нинг ўтказилишини кўп миллатли халқимиз катта қувонч ва ғурур билан кутиб олди.
Албатта, бу муҳтарам Президентимизнинг бой маданий меросимизга бўлган юксак эътибори ва ғамхўрлигининг амалий ифодасидир.
Мана шундай халқимиз ҳаётида жуда муҳим бўлган катта янгиликлар ҳақида сўз юритганда, 367 млн. долларлик «Нукус-1» ва «Нукус-2» шамол электр станцияларининг ишга туширилгани, бу ерда 300 мегаваттли шамол турбиналари ва 100 мегаваттли электр энергиясини сақлаш батареялари ўрнатилгани, шунингдек, мамлакатимизни Европа давлатлари билан боғловчи, 323 млн. долларлик «Қўнғирот-Бейнеу» автомобиль йўлининг 240 километр қисми фойдаланишга топширилгани, «Амударё» дарёси устидан ўтувчи, 379 млрд. сўмлик замонавий кўприк қурилгани, Орол денгизи тубида 2 млн. гектар майдонда чўлга чидамли ўсимликлар экилиб, «Яшил қопламалар» яратилгани, Тахтакўпирда барпо этилган «Қоратеран» туристик мажмуаси ва миллийлигимизни ўзида акс эттирган «Этно қишлоқ» халқимизнинг файзли дам олиш масканларига айлангани, Нукусдан - Мўйноқ, Олмата, Оқтов йўналишларида авиа-қатновларнинг, «Нукус – Манғистов» йўналишида поезд қатнови йўлга қўйилгани – буларнинг барчаси юртимизнинг янги тарихига олтин ҳарфлар билан ёзилаётган қувончли воқеалардан саналади.
Азиз юртдошлар!
Сўнгги йилларда барча соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотлар янги-янги ютуқларга мустаҳкам пойдевор бўлмоқда.
Биргина иқтисодий кўрсаткичлар мисолида айтадиган бўлсак, 2016 йилда ялпи ҳудудий маҳсулот 8 ярим триллион сўмни ташкил этган бўлса, жорий йил бошида бу кўрсаткич 6,3 баробарга ўсиб, 54 триллион сўмдан ошди. Бунда, тадбиркорларнинг улуши 66 фоизга етди.
Шунингдек, тадбиркорлик субъектлари сони 26 ярим мингтага етиб, 2 ярим баробарга кўпайгани, хорижий инвестициялар 500 баробарга ўсиб, жорий йил бошига 2 ярим млрд. долларга етгани, экспортёр корхоналар сони 4 баробарга кўпайиб, 250 тага етгани ва экспорт ҳажми ўртача ҳисобда 8 баробарга ўсгани, хорижий капитал иштирокидаги корхоналар сони 4 баробарга кўпайиб, 251 тага етгани - буларнинг барчаси иқтисодиётимизнинг жадал суръатлар билан ривожланаётганини исботлайди.
Шунингдек, янги иш ўринларини яратишда муҳим ўрин тутадиган саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳажми 2016 йилдаги 4 ярим трлн. сўмдан 29 трлн. сўмга етганини ҳам алоҳида таъкидлаб ўтиш жоиз.
Шулар билан бир қаторда, сўнгги йилларда Ҳурматли Президентимиз раҳбарлигида ҳаётга татбиқ этилаётган ислоҳотлар, барча жойларда, ҳатто энг чекка маҳаллаларда ҳам амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари, ёшларимизни, хотин-қизларимизни ва нуронийларимизни қўллаб-қувватлаш борасидаги амалий ишлар халқимизнинг фаровон ҳаётини таъминлашда ғоят муҳим ўрин тутмоқда.
Албатта, бунда ўтган 10 йил ичида ҳурматли Президентимизнинг фақат Қорақалпоғистон учун қабул қилинган 80 дан ортиқ Фармон ва қарорлари ҳудудда илгари бўлмаган эзгу ишларга мустаҳкам асос бўлмоқда.
Хусусан, фуқароларимизни бир неча йиллардан буён қийнаб келаётган муаммолар ўз ечимини топиб, ноқонуний қурилган 39 138 та уй-жойнинг кадастр ҳужжатлари расмийлаштириб берилди.
Шунингдек, ёрдамга муҳтож фуқароларнинг 21 мингдан ортиқ хонадонларида қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилаётгани, пенсия ва нафақа олувчилар, ногиронлиги бўлган фуқаролар темир йўл ва авиа чипталардан 2 баробар арзонлаштирилган нархда фойдаланаётгани, бундан ташқари, ўтган 4 йил ичида Қорақалпоғистонлик 37 мингга яқин ёшларнинг қўшимча квоталар асосида талаба бўлиш бахтига муяссар бўлгани, жорий йилда ҳам қўшимча квоталар ажратилиши назарда тутилаётгани, буларнинг барчаси «Инсон қадри учун» деган ғояни ўзида мужассам этган ва минг-минглаб фуқароларимизнинг қувончига сабаб бўлаётган эзгу ишлардан саналади.
Қадрли ватандошлар!
Мана шундай эзгу ишлар қаторида, тадбиркорларга берилган имтиёзлар ва яратилган кенг имкониятлар натижасида Қорақалпоғистонда илгари бўлмаган қурилиш материаллари, тўқимачилик, фармацевтика, электротехника, терини қайта ишлаш ва озиқ-овқат саноати каби янги тармоқлар пайдо бўлиб, кўплаб завод, фабрика ва корхоналар ишга туширилди.
Айримларини айтиб ўтадиган бўлсак, пойтахтимиз Нукус шаҳрида 50 млн. долларлик базальт минералидан иссиқлик сақловчи материаллар ишлаб чиқариш корхонаси ишга тушди, 48 ярим млн. долларлик ип-калава ишлаб чиқариш корхонаси иш бошлади, 23,5 млн. долларлик иссиқлик радиаторлари ишлаб чиқариш заводи очилди, 15 млн. долларлик газоблок тайёрлаш корхонаси ишга тушди, Қорақалпоғистонда биринчи марта Американинг нуфузли компанияси «Ramada by Wyndham» бренди остида 10 млн. долларлик 5 юлдузли меҳмонхонанинг фаолияти йўлга қўйилди.
Шунингдек, хорижий инвесторлар билан биргаликда 8 млн. долларлик пойабзал ва чарм маҳсулотлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Эътиборлиси, ушбу корхона Италиянинг дунёга машҳур «Ferrari» бренди остидаги автомобилларга чарм маҳсулотлари етказиб бермоқда.
Шу билан бир қаторда, Тўрткўл туманида 7 млн. долларлик, йилига 4 ярим млн дона шиша идишларга гул босиш корхонаси ишга тушди, «Дунё Медстрой» жамияти томонидан 4 млн. долларлик 3 қаватли тиббиёт клиникаси ташкил этилди.
Юқоридагилар билан бир қаторда, юртимизда илк бор хитойлик инвесторлар билан биргаликда йилига ярим тоннадан зиёд олтин ишлаб чиқариш йўлга қўйилгани, Берунийда 300 млрд. сўмлик савдо мажмуаси ташкил этилиб, 250 дан ортиқ иш ўринлари яратилгани, Кегейли ва Нукус туманларида 16 млн. долларлик, йилига 280 минг бош наслли товуқларни етиштиришга мўлжалланган паррандачилик фабрикаларининг очилгани, Чимбой, Қораўзак, Тахтакўпир, Беруний ва Элликқалъа туманларида тайёр текстиль маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича янги қувватлар яратилгани, Мўйноқ ва Қўнғиротда йилига 20 минг тонна экстра ҳамда 3 минг тонна таблетка шаклидаги туз ишлаб чиқариш йўлга қўйилгани, Қораўзакда 12 млн. долларлик оҳак ишлаб чиқариш корхонаси ишга тушгани, Тахтакўпирда 10 млн. долларлик чорвачилик, жун ва сутни қайта ишлаш корхоналари иш бошлагани, Кегейлида 4 млн. долларлик қизилмия илдизи чиқиндисидан «ДВП» маҳсулотларини ишлаб чиқариш корхонаси очилгани, «Чимбой ун» «Қипчоқ» «Хожели ун», «Қият», «Қанлыкол унлари» брендлари остида ун заводлари ишга туширилгани, буларнинг барчаси Мустақиллигимизнинг қанчалик яратувчи кучга эга эканини яна бир бор исботлаб, тадбиркорларимизнинг шундай қулай имкониятлардан самарали фойдаланаётганини кўрсатади.
Азиз дўстлар!
Муҳими, бундай эзгу ишлар яна давом эттирилади ва яқин йиллар ичида кўплаб янги корхона ва заводлар ишга туширилади.
Мисоллар билан айтадиган бўлсак, биргина сунъий интеллект технологияларини ривожлантириш йўналишида 5 млрд. 110 млн. долларлик 3 та Майнинг ва ДАТА марказлари қурилади. Жумладан, Тахиатош туманида хитойлик инвесторлар иштирокида 3 ярим млрд. долларлик ДАТА марказининг 1-босқич яқин кунларда ишга тушади.
Шунингдек, Қўнғиротда 3,2 минг мега-ваттлик 3 млрд. 300 млн. долларлик Гигант шамол электр станциялари қурилмоқда, Тебинбулоқ конида йилига 58 млн. тонна темир рудасини қазиб олиш мақсадида 2 млрд. долларлик завод қурилиши давом этмоқда, пойтахтимизда 78 млн. доллар маблағ ҳисобидан замонавий 5 юлдузли меҳмонхона, Конгресс-холл ва 22 қаватли турар жой барпо этилмоқда, қолаверса, қиймати 40 млн. долларлик Саноат Технопарки ташкил этилиб, бу ерда тадбиркорлар учун тайёр бинолар қуриб берилади.
Шу билан бирга Нукус шаҳрида 120 млн долларлик «KIA» автомобиль заводи учун 6 хил деталлар ишлаб чиқариш корхонаси иш бошлайди, «Дўстлик» канали бўйида «Seul Mun» намунасида 100 млн. долларлик дам олиш маскани, савдо маркази ташкил этилади, Ашшикўл бўйида 20 млн. долларлик турар жой мажмуаси, замонавий меҳмонхона ва дам олиш маскани қад ростлайди, 82 ярим млрд. сўм маблағ ҳисобидан логистика маркази қурилади, 3 млн. долларлик дори-дармон ишлаб чиқариш корхонаси фаолияти йўлга қўйилади.
Шунингдек, Беруний туманида 3 млн. долларлик йилига 36 минг тонна чорва ва балиқчилик учун омухта ем ишлаб чиқарувчи Агрокомплекс иш бошлайди, хитойлик инвесторлар билан бирга 5 млн долларлик газоблок ишлаб чиқариш корхонаси ишга туширилади, 10 млн. долларлик мева-сабзавотни қайта ишлаш қувватлари яратилади.
Шулар билан бир қаторда Нукус туманида 15 млн. долларлик мисдан трубка ва кабеллар ишлаб чиқариш йўлга қўйилади, Тахтакўпир ва Кегейли туманларида умумий қиймати 40 млн. долларлик ип-калава ишлаб чиқариш фабрикалари очилади, Хўжалида 35 млн. долларлик шиша идишлар ишлаб чиқариш корхонаси фаолияти қайта тикланади, Қўнғиротда хитойлик инвесторлар томонидан 30 млн долларлик шамол турбиналари ишлаб чиқариш заводи қурилади, Элликқалъа ва Амударё туманларида 37 ярим миллион долларлик 2 та замонавий савдо маркази ишга туширилади.
Юртимиз иқтисодиётини мустаҳкамлашда муҳим ўрин тутадиган бундай лойиҳаларни ҳар бир туман мисолида кўплаб келтиришимиз мумкин.
Ҳурматли Ватандошлар!
Албатта, юртимизнинг гуллаб-яшнаши ва халқимизнинг фаровон ҳаётини бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишларисиз тасаввур қила олмаймиз.
Жойларда олиб борилаётган кенг кўламли ишлар натижасида сўнгги йилларда Қорақалпоғистон улкан қурилиш майдонига айланиб бормоқда.
Биргина мисол, 2016 йилда шаҳар ва туманларда умумий қурилиш ишлари ҳажми 1 трлн. 172 млрд. сўмни ташкил этган бўлса, жорий йил бошида бу кўрсаткич 8 ярим баробарга ўсиб, қарийб 10 триллион сўмга етганлигини алоҳида таъкидлаб ўтамиз.
Ана шундай эзгу ишлар натижасида 435 га яқин янги кўп қаватли уйлар барпо этилиб, 17 мингдан зиёд оилалар янги турар жойларга кўчиб ўтган бўлса, 462 та мактаб, 295 та давлат болалар боғчаси, 94 та соғлиқни сақлаш, 60 та маданият ва спорт объектларида қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилиб, халқимиз, айниқса, ёшларимиз учун қулай шароитлар яратилди.
Шу билан бирга, 4,5 минг километрдан зиёд ичимлик суви ва канализация тармоқлари қурилиб, аҳолининг марказлашган ичимлик суви билан таъминланиш даражаси 51 фоиздан 77 фоизга етказилади.
Жумладан, Нукус сув тозалаш иншоотида 87 млрд. сўмлик реконструкция ишлари бажарилиб, пойтахтимиз аҳолиси тўлиқ тоза ичимлик суви билан таъминланган бўлса, Нукус туманида 11 ярим млн. долларлик 263 км ичимлик сув тармоқлари тортилиб, тоза ичимлик суви билан таъминланиши 68 фоиздан - 90 фоизга етказилди.
Қолаверса, ўтган йилларда 700 га яқин трансформатор ва 2400 километрдан ортиқ электр линияларини янгилаш ҳисобига 200 мингга яқин хонадонларда электр энергиясининг асоссиз узилишлари камайишига эришилди.
Шунингдек, 5 трлн. сўмдан ортиқ маблағ ҳисобидан 5 минг 741 километр автомобиль йўллари асфалтланди ва 128 та кўприкда қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилди.
Сўнгги йилларда қурилган ижтимоий соҳа объектлари ҳақида гапирадиган бўлсак, байрам арафасида пойтахтимиздаги «Турон» стадионининг фойдаланишга топширилгани - ёшларимиз учун ҳақиқий байрам совғаси бўлди.
Эътиборлиси, 117 млрд. сўмлик маблағ ҳисобидан замонавий кўринишга келтирилган ушбу бинода 200 ўринли ётоқхона, 3 та спорт зали, Футбол академияси учун ўқув хоналари бўлиб, футболчиларимиз учун барча шароитлар яратилди.
Шу билан бирга, 76 млрд. сўмлик Нукус давлат педагогика институти янги биносининг фойдаланишга топширилгани, 61 млрд. сўмлик Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ихтисослаштирилган мактаб қурилгани, 17 қаватли Ай-Ти Парк қад ростлади, қолаверса, 79 млрд. сўмлик Гимнастика маркази ва 13 млрд. сўмлик Кураш маҳорати спорт мактабларининг фойдаланишга топширилгани, Бўзатовда 124 млрд. сўмлик замонавий санаторий очилгани, 153 млрд. сўмлик илмий-амалий тиббиёт академиясининг иш бошлаши, 27 млрд. сўм маблағ ҳисобига қурилган Консерваториянинг Нукус филиалида барча қулай шароитлар яратилгани, Тўрткўл ва Амударёда 23 ярим млрд. сўмлик замонавий Амфитеатрлар қуриб битказилгани, 61 млрд. сўм маблағ ҳисобидан Республика шошилинч тиббий ёрдам маркази, 11 млрд. сўмлик Республика Тез ёрдам маркази, шунингдек, Беруний, Элликқалъа, Тўрткўл ва Амударё туманларида 45 млрд. сўмлик туғруқ комплексларининг фойдаланишга топширилгани, Болалар миллий тиббиёт маркази, Оролбўйи клиникаси ташкил этилгани халқимиз ҳаётидаги муҳим воқеалар сирасига киради.
Мана шундай тадбирлар натижасида болаларни боғчаларга қамраб олиш даражаси 2016 йилдаги 25 фоиздан - 84 фоизга оширилди, мактаб битирувчиларининг олий ўқув юртларига кириш кўрсаткичи 2016 йилги 12 фоиздан 55 фоизга етказилди, мактабларда 3 сменали ўқиш тўлиқ тугатилди, янги 150 турдаги даволаш амалиётлари йўлга қўйилиб, Қорақалпоғистон тиббиёти тарихида илк бор жигар ва буйрак кўчирилиши, юракда очиқ жарроҳлик амалиётлари муваффақиятли амалга оширилди.
Қадрли дўстлар!
Сўнгги йилларда барча соҳалар қатори қишлоқ ва сув хўжалиги, чорвачиликни ривожлантириш борасида ҳам қатор амалий чора-тадбирлар олиб борилмоқда.
Хусусан, 2017-2026 йилларда 11 ярим минг км канал ва коллекторларда 1 трлн 139 млрд. сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилди.
Яна бир муҳим масала, деҳқон ва фермерларимизнинг асосий қўл-қаноти бўлган 11 ярим мингга яқин қишлоқ хўжалиги техникаси ва агрегатлари олиб келинди. Жумладан, 160 та пахта териш машинаси ва 110 та ғалла ўриш комбайни олиб келингани - деҳқонларимизнинг баланд хирмон яратишда алоҳида ўрин тутади.
Чорвачилик соҳасидаги янгиликлардан бири сифатида Марказий Осиёда илк бор Хўжайли туманида зотдор қорамоллар эмбрионини ишлаб чиқариш лабораторияси ишга туширилди.
Ҳурматли Ватандошлар!
Ўзида юксак мақсад ва эзгу ишларни мужассам этган бу йилги «Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили» ҳам қувончли ва унутилмас воқеаларга бой бўлмоқда.
Мана шундай воқеалар қаторига Ҳурматли Президентимизнинг қўллаб-қувватлаши билан Нукус шаҳридаги Марказий қозонхонани когенератсия технологиясига ўтказиш ишлари бошлаб юборилганини алоҳида таъкидлаб ўтамиз.
Умумий қиймати 83 млн. доллар бўлган ушбу реконструкция ишларининг 1-босқичида пойтахтимиздаги 23 мингга яқин аҳоли яшайдиган кўп қаватли уйлар ва 40 та ижтимоий объектлар сифатли иссиқлик билан таъминланади.
Юқоридагилар билан бир қаторда бугунги кунда Амударё, Беруний, Қораўзак, Қўнғирот ва Мўйноқ туманларида 145 млн. долларлик ичимлик сув таъминотини яхшилаш ишлари олиб борилаётгани, Нукус шаҳри, Тахиатош ва Хўжайли туманларининг 286 км канализация тармоқларида 78 млн. долларлик қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилаётгани, шунингдек, «Мискин – Нукус» тезюрар поезди линиясини электрлаштириш ишлари якунланиш арафасида тургани, Тўрткўл, Беруний ва Элликқалъа туманларидан ўтувчи А-380 автомобиль йўлининг 92 км оралиғида 303 млн. долларлик реконструкция ишлари бошлангани, «Янги Ўзбекистон» қиёфасидаги 2 туман ва 32 маҳаллада, оғир тоифадаги 4 туман ва 102 маҳалланинг инфратузилмасини яхшилаш мақсадида 403 объектда умумий 730 млрд. сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилаётгани - эзгу ишлардан саналади.
Қолаверса, сўнгги йиллари Нукус шаҳрида жамоат транспорти хизматини ривожлантириш мақсадида чет эллардан 78 млрд. сўмлик 68 дона замонавий автобуслар олиб келинган бўлса, жорий йил якунига қадар қўшимча 160 дан ортиқ автобуслар олиб келиниши режалаштирилмоқда.
Шу билан бирга, бугунги кунда Бирлашган Араб Амирликларининг «Шайх Халифа» фонди томонидан қиймати 28 млн. долларлик «Она ва бола» клиникаси қурилиши якунланмоқда, қарийб 45 млрд. сўмлик маблағ ҳисобидан Республика Онкология тиббиёт марказининг биноси янгидан қад ростламоқда.
Бундан ташқари, Хўжайли туманида хитойлик инвесторлар билан ҳамкорликда қиймати 400 млн. долларлик «Ёшлар ижтимоий-иқтисодий маркази»ни ташкил этиш ишлари бошланмоқда.
Албатта, халқимизнинг ёруғ келажаги билан боғлиқ бундай янгиликлар ҳақида узоқ гапиришимиз мумкин.
Азиз юртдошлар!
Бу йилги байрам тадбирларини кўп миллатли халқимиз ҳар қачонгидан ҳам юксак даражада кутиб олмоқда.
Айниқса, байрам муносабати билан шаҳар ва туманларда, шунингдек, барча маҳаллаларда «Мустақиллик тўйлари» фестиваллари кўтаринки руҳда ўтказилгани, қолаверса, байрам арафасида ижтимоий ҳимояга муҳтож 101 ёш оилага Президент совғаси - янги уй-жойлар топширилгани, бундан ташқари, ижтимоий ҳимояга муҳтож 186 оиланинг турар жойида «Яшил таъмирлаш» дастури асосида қарийб 11 млрд. сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилгани, 92 та ижтимоий соҳа ва инфратузилма объектлари очилгани, бир қатор замондошларимиз давлат мукофотларига сазовор бўлгани - байрамга янада кўтаринки руҳ ва халқимизга юқори кайфият бағишламоқда.
Ҳкрматли ватандошлар!
Албатта, тинчлик ва осойишталикда яшаётган Мустақил юртимизга доимо мана шундай байрамлар ярашади.
Шундай экан, барчангизни яна бир бор Мустақиллигимизнинг 35 йиллик байрами билан самимий табриклаб, Сизларга мустаҳкам соғлиқ, хонадонларингизга омонлик, юртимиз равнақи йўлидаги эзгу ишларингизда улкан муваффақиятлар тилаймиз.
Аманбай Орынбаев
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Раиси