«Касаба уюшмалари куни» байрами белгиланди

Бугун Нукус шаҳридаги сўлим масканлардан бирида «Касаба уюшмалари куни» муносабати билан байрам тадбири ўтказилди.
Унда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Раиси Аманбай Орынбаев сўзга чиқиб, йиғилганларни байрам муносабати билан табриклади.
Таъкидланганидек, сўнгги йилларда ҳурматли Президентимиз томонидан фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилишга, аҳоли бандлигини таъминлашга, хотин-қизлар ва ёшларни қўллаб-қувватлашга, камбағалликни қисқартиришга алоҳида эътибор қаратилиб, бу борада кенг кўламли чора-тадбирлар олиб борилмоқда.
Албатта, бундай эзгу ишларни амалга оширишда касаба уюшмалари энг халқчил ва демократик тузилма сифатида муносиб ҳисса қўшиб келмоқда. Шу қаторда жорий йилда ижтимоий ҳимояга муҳтож, нафақадаги ва ногиронлиги бўлган ҳамда ўзгалар парваришига муҳтож шахсларга, кам таъминланган оилалар фарзандларига моддий ёрдамлар кўрсатилди. 9 мингга яқин ходим ва уларнинг оила аъзолари учун саёҳатлар ташкил этилди. Фуқароларнинг меҳнат жамоаларидаги ҳуқуқларини тиклаш ишлари давом эттирилди.
Бугунги ўтказилган тадбирда ҳам ана шундай ишлар кенг турда таъкидлаб ўтилди. Шунингдек, бир гуруҳ соҳа вакиллари Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Президиуми қарори билан кўкрак нишонлари ва Фахрий ёрлиқ билан тақдирланди.
Тадбир санъат ва маданият ходимлари ижросидаги концерт дастури билан давом этди.


.jpg)


