«Қорақалпоғистон Республикасида олиб борилаётган ислоҳотларни янада жадаллаштиришга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПҚ-393-сонли қарори билан:

Туризмни ривожлантириш борасида:
Қушларни кузатиш туризмини (Birdwatching Tourism) йўлга қўйиш мақсадида:
- қушлар ва уларнинг яшаш ҳудудларини сақлаш бўйича “BirdLife International” халқаро ассоциациясининг рўйхатига киритилган Судочье кўллар тизими участкасининг буфер зонасида қушларни кузатиш дестинацияси (туристларни жалб этувчи географик ҳудуд) ташкил қилинади;
- экотуристик маршрутлар глобал таҳдид остида бўлган турларга зарар етказмасдан, ташриф буюриш мумкин бўлган йўналишларда аниқ белгиланади;
-Рамсар конвенцияси талабларидан келиб чиқиб, Судочье кўллар тизими сув таъминотини ва қушларни кузатиш дестинациясини инфратузилма объектлари билан таъминлаш учун 2027 йилда Ўзбекистон Республикаси республика бюджетидан ҳисоб-китобларга кўра маблағ ажратилади.
Қорақалпоғистон Республикасининг туризм инфратузилмасини янада яхшилаш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши муассислигида масъулияти чекланган жамият шаклида Туризм инфратузилмасини ривожлантириш ҳамда саёҳат учун контентлар тайёрлаш дирекцияси ташкил этилади.
❗️Қўйидагича тартиб ўрнатилади, унга мувофиқ Қорақалпоғистон Республикасида:
Туризм дирекцияси:
- туризм инфратузилмаси объектлари лойиҳаларини амалга оширишда буюртмачи ҳамда туризм объектларини балансда сақловчи бўлиб ҳисобланади;
- ҳудуднинг ноодатий табиатини дунёга намойиш қилиш орқали туристларни жалб қилувчи контентлар тайёрлаш ҳамда туристларга медиа ҳамкор сифатида хизмат қилувчи 10 дона дрон харид қилади;
- қонунчиликда дронлар учишига рухсат берилмаган жойларда дронлардан фойдаланмаслик талабларига қатъий риоя қилади;
- туристларга пулли хизматларни кўрсатади;
- пулли хизматлардан тушган маблағлар Туризм дирекциясини сақлаш ва унга юкланган вазифаларни бажариш билан боғлиқ харажатлар чегирилган ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси республика бюджетига ўтказилади.